ХАБАРЛАР

АҚШ, Япония ва Жанубий Корея Хитойни ушлаб туриш учун бирлашяпти

АҚШ Президенти Жо Байден, Япония Бош вазири Фумио Кисида ва Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль бугун, 18 август куни Вашингтон яқинидаги Кэмп Дэвиддаги қароргоҳда саммит ўтказади.  Етакчилар мазкур тадбир давомида иқтисодий хавфсизликни сақлаш ва Хитойни тийиб туриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Япониянинг “Nikkei” газетаси хабар берди.

Қайд этилишича, уч давлат муносабатлари тарихий жиҳатдан Шимолий Кореянинг ядровий ракета дастурига қаратилган. Бугунги саммит эса бу ҳамкорлик кўламини Хитойни чеклаш ва иқтисодий хавфсизликни ўз ичига олган ҳолда кенгайтиради.

Бундан ташқари, етакчилар Тайвань бўғозида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш муҳимлигини, шунингдек, Глобал Жануб деб аталувчи мустақил ташқи сиёсатга эга бўлган ривожланаётган давлатларни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда. Хусусан, гап Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси аъзолари ва Тинч океани минтақасидаги орол давлатлари ҳақида бормоқда.

Манбага кўра, Кисида, Байден ва Юн Сок Ёль уч томонлама саммитда сув ости кемаларига қарши мунтазам машқлар, шунингдек, ракеталарга қарши мудофаа соҳасида манёврлар ўтказишга келишиб олишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, томонлар киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, уч мамлакат етакчиларининг аввалги юзма-юз учрашуви жорий йилнинг 21 май куни Хиросимада бўлиб ўтган G7 саммити доирасида бўлган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan