ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш тартиби ўзгартирилди

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди.

Киритилган ўзгартиришлар чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқароликни олишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун давлат хизматлари марказлари ёки ЙАИДХП орқали мурожаат қилиш имкониятини яратмоқда.

Бундан ташқари, мурожаатчилар ҳудудий имтиҳон комиссиясининг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича қароридан норози бўлган тақдирда апелляция шикояти бериши мумкин.

Апелляция имтиҳон натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 5 иш куни ичида давлат хизматлари марказлари ёки ЙАИДХП орқали берилади.

Бундай ҳолда, имтиҳон натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида апелляция имтиҳони ўтказилади, унинг натижасида қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

— Синов имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляциянинг қондирилишини рад этиш;

— Синов имтиҳони натижаларини ўзгартириш ва апелляцияни қондириш;

— Синов имтиҳони натижаларини бекор қилиш ва такрорий синов имтиҳони ўтказилишини тайинлаш.

Агар талабгор томонидан кўрсатилган далиллар тасдиқланмаса, апелляциянинг қолдирилишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Талабгор апелляция комиссияси қароридан норози бўлган тақдирда, судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон фуқаролигини олганлар сони

1991 йилдан 2007 йилга қадар республикада жами 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган бўлса, 2007 йилдан 2016 йилнинг декабрь ойига қадар бундай шахсларга умуман фуқаролик берилмаган.

2016-йил декабрь ойидан 2021 йил май ойига қадар президентнинг 87 та фармони асосида 22 269 нафар шахс мамлакат фуқаролигига қабул қилинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan