
Бухоро шаҳар Ибн Сино кўчаси йўл ёқасида жойлашган 2 қаватли савдо дўконларида ёнғин содир бўлди, деб хабар бермоқда ФВВ.
Ёнғин ҳақида хабар бугун соат 02:05 да вилоят ФВБ навбатчи диспетчерлик хизматига келиб тушган.
Воқеа жойига 11 та ёнғин-қутқарув экипажлари ҳамда 7 та ҳамкорликдаги хизматларнинг техникалари жалб этилган. Ёнғин жойида, савдо дўконларининг тахминан 700 м2 майдонга тарқалиб ёнаётгани аниқланган ва соат 03:11 да у батамом ўчирилган.
Ёнғин оқибатида тадбиркорлик субъектларига тегишли 2 қаватли 15 та дўконнинг ички товар маҳсулотлари ва шифт қисми ёнган ва Бухоро марказий деҳқон бозори АЖга қарашли 1 қаватли савдо павилионидаги 8 та савдо дўконлари ичида бўлган товар моддий бойликлари ва дўкон жиҳозлари ёниб зарар кўрган. Ёнғиндан бозор тасаруфидаги павилион ва савдо дўконларининг 10.000 м2 майдони сақлаб қолинган.
Ёнғин натижасида инсонларнинг ҳалок бўлиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмаган.