TA'LIM

Сурхондарёда “Фарзандим учун бир кун” номли суҳбат-учрашуви ўтказилди

Юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли узлуксиз таълимнинг бирламчи бўғини ҳисобланган мактабга таълим тизимида кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Таълим-тарбия жараёнини мактабгача таълим давлат дастури асосида турли ўйинлар ва тарбияланувчиларнинг ёшига мос келадиган методикаларни қўллаган ҳолда ташкиллаштириш билан бир қаторда, ушбу жараёнда ота-оналар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 29-май куни Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги 16-Давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларнинг ота-оналари билан ҳамкорликда “Фарзандим учун бир кун” номли тадбир бўлиб ўтди. Тадбирдан қўзланган асосий мақсад она-оналар билан тарбияланувчиларнинг илк ёшидан саводхонлиги ва китобга бўлган меҳрини ошириш, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш кўникмаларини шакллантириш бўйича фикр-алмашиш, қолаверса, ота-оналар ва МТТ орасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўлди.

Болаларга китоб ўқиб бериш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, тадқиқотларда аниқланишича, ҳаётнинг дастлабки уч-тўрт йили инсон миясининг ривожланиши учун муҳим ҳисобланади. Ушбу даврда болаларнинг мияси катталардагидек фаол бўлади. Агар ушбу муҳим даврда фарзанд илк саводхонлик жараёнларига жалб этилмаса, келгусида ҳаттоки қулай шароитларда ҳам ўзлаштириш секин ва кам самарали бўлиши мумкин.

Шу туфайли, болаларга илк ёшидан китоб ўқиб бериш уларда нутқни англаш, сўз бойлиги ва ўз фикрини ифода этиш кўникмаларини шакллантириб, уларнинг келгусида муваффақиятли китобхон бўлишига кўмаклашади. Илк саводхонлик нафақат МТТларда, балки уй шароитида ҳам шакланади. Шу туфайли, ота-оналар болажонларни мактабга тайёрлашда муҳим ролни бажаришади.

Мазкур тадбир ота-оналарга болаларга китоб ўқиб бериш, уларни ҳарфлар, сўзлар, рақамлар билан таништириш ва уларнинг ёшига мос шеърларни ёд олишда ота-оналар кўмагининг муҳимлиги тушунтирилди.

Тадбир аввалида, ота-оналар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Мактабгача таълим агентлиги ва Меҳрибонлик Корпуси (Mercy Corps) ҳамкорлигида АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Болалар таълими ва овқатланиши” учун МакГоверн-Доул ҳалқаро озиқ-овқат дастури доирасида МТТда ташкил этилган “Китоб бурчаги” фаолияти билан танишишди. Шунингдек, болалар учун китоб бурчаги учун маҳаллий нашриётлар томонидан чоп этилган 77 турдаги китоблар, гилам, китоб жавонлари ва ўриндиқлар етказиб берилган.

Сўнгра, педагоглар томонидан таълим-тарбия жараёни самародорлигини оширишда ота-оналар иштирокининг аҳамияти, жумладан, уй шароитида болаларга бадиий китобларни ўқиб беришнинг болаларнинг сўз бойлигини ошишига ва илк ёшидан саводхонлик кўникмаларини шаклланишига туртки бўлиши тушунтириб ўтилди.

Тадбир давомида тарбияланувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида турли дидактик ўйинлар, гигиена ва тўғри овқатланиш бўйича қизиқарли шартли ўйинлар бўлиб ўтди ва сўнггида фаол тарбияланувчилар, ота-оналар, ҳамда педагог ходимлар Меҳрибонлик Корпуси ва Жарқўрғон тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan