ХАБАРЛАР

TikTok 15,8 млн доллар миқдорида жаримага тортилди

Буюк Британия ҳукумати маълумотлардан фойдаланиш бўйича қонунни бузгани учун TikTok’ни 15,8 миллион доллар миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда «Sky News» хабар берди

Маълум қилиишича, Буюк Британия қонунлари бўйича ижтимоий тармоқда шахсий ҳисоб яратиш учун минимал 13 ёшга тўлган бўлиш кераклигига қарамасдан, платформа 2020 йилда ушбу ёшга етмаган 1,4 миллион болага шахсий ҳисоб яратишга рухсат берган. 

Шунинг учун, TikTok платформаси маълумотларни ҳимоя қилиш қонунчилигини бузганлик, жумладан, 13 ёшгача бўлган болаларнинг шахсий маълумотларидан ота-она розилигисиз фойдаланганликда айбланиб, 12,7 миллион фунт стерлинг ёки 15,8 миллион доллар миқдорида жаримага тортилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси мамлакат олий қонун чиқарувчи органи аъзолари ва ходимларининг расмий гаджетларига TikTok иловасини ўрнатишни ман этганди. Мамлакат ҳукумати ушбу илова устидан назорат Хитой ҳукумати қўлида эканини айтиб, уни миллий хавфсизлик учун хавф сифатида кўрмоқда. Жорий йилнинг март ойи бошида Оқ уй маъмурияти ҳам унинг блокланишини қўллаб-қувватлаганди. Швеция Мудофаа вазирлиги эса ҳарбий хизматчиларнинг хизмат телефонларига ушбу иловани ўрнатишни тақиқлаган эди

Маълумот учун, хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар туфайли TikTok’ни блоклаган давлатлар рўйхатида Франция, Дания, Нидерландия ва Норвегия каби Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳам бор. Афғонистон ва Покистон эса иловани «ахлоқсиз контентни тарғиб қилгани» учун тақиқлаган. Россияда ҳам 2022 йилда илова «бесоқолбозликни тарғиб қилгани» учун унинг эгаси бўлган TikTok Pte Ltd компанияси 3 миллион рубль миқдорида жаримага тортилган. Шунингдек, TikTok иловаси Ўзбекистон ҳудудида ҳам ҳамон блокда қолмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan