ЎЗБЕКИСТОН

Судлар томонидан ходим ишга тикланди

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил март ойининг 11 кунидаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2021 йил 21 январдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган.

Тарафларнинг исм фамилияси ўзгартирилган даъвогар К.Алиев (исм фамилияси ўзгартирилган) жавобгар Умумий ўрта таълим мактабига нисбатан судга даъво ариза ва қўшимча даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда у ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топиб, умумий ўрта таълим мактабининг 12.10.2020 йилдаги 227-сонли буйруғини бекор қилиш, уни аввалга ишга тиклаш ва мажбурий буш юрган кунлари учун иш ҳақи ундириб беришни сўраган.

Аниқланишича, даъвогар К.Алиев 1984 йилда Бухоро “Индустриал педагогика техникуми”нинг Қишлоқ хўжалик механизацияси ихтисослигини тамомлаган бўлиб, унинг меҳнат дафтарчасидаги қайд этилганларга кўра доимий равишда ўқитувчи лавозимида ишлаб келган.

Аҳоли бандлигиги кўмаклашиш марказининг 2019 йилдаги “Ишга жойлаштириш тўғрисида”ги йўлланмасига кўра, К.Алиев умумий ўрта таълим мактабга рус тили ўқитувчиси сифатида жойлашиш учун йўналтирилган.

Умумий ўрта таълим мактаб ва К.Алиев ўртасида 20.08.2019 йилда “Меҳнат шартномаси” тузилган.

Жавобгар умумий ўрта таълим мактаб директорининг 12.10.2020 йилдаги К-277-сонли буйруғига кўра, Қосимов Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси 2-қисм, 2-бандига кўра, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Буйруқга асос қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси 2-қисм, 2-банди, мактаб касаба уюшма қўмитасининг 1-сонли йиғилиш қарори кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси, 2-қисми, 2-бандига кўра, ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши натижасида иш берувчининг ташаббуси билан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 17.04.1998 йилдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида”ги 12-сонли Қарорининг 42-бандида Меҳнат шартномаси МК 100-моддаси 2-қисмининг 1,2 ва 6-бандлари, шунингдек 106-моддасининг 2-банди асосида бекор қилинаётганда иш берувчи ходимни шу корхонанинг ўзида ишга жойлаштириш чораларини кўришга мажбур.

Агар ходим малакаси етарли бўлмаганлиги учун бажараётган ишига нолойиқ деб топилганлиги сабабли МК 100-моддаси 2-қисмининг 2-бандига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинаётган бўлса, унга мутахассислиги бўйича камроқ малакали иш таклиф этилиши, у ҳам мавжуд бўлмаса, корхонада мавжуд бўлган камроқ малакали бошқа иш таклиф этилади.

Меҳнат шартномаси МК 100-моддаси 2-қисмининг 1 (корхона тугатилган ҳолатлардан ташқари), 2 ва 6-бандлари асосида бекор қилинишида иш берувчи ушбу асосларга кўра меҳнат шартномаларини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантиришнинг бутун муддати давомида ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт (МК 102-моддаси).

Иш берувчининг ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўрганини аниқлаш учун ходимнинг таклиф этилган бошқа ишга ўтишдан бош тортгани ёки иш берувчи ходимнинг розилиги билан ушбу корхонадаги бошқа ишга ўтказишга имконияти бўлмаганлиги хусусидаги далиллар талаб қилиб олинмоғи зарур.

Агар меҳнат низосини кўриш жараёнида иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси юқорида қайд этилган асосларга кўра бекор қилинаётганда, ходимни шу корхонага ишга жойлаштириш имконияти бўла туриб, бундай чора кўрилмагани тасдиқланса, суд меҳнат шартномасини бекор қилишни ғайриқонуний деб топиб, ходимни аввалги ишига (лавозимига) тиклайди. Ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятига объектив сабабларга (ходимлар сони (штати), иш ҳажми ўзгариши, ходимнинг бажараётган ишига нолойиқлиги, янги мулкдорнинг корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги қарори, аввалги ходимни бажариб келган ишига тиклаш) кўра эга бўлмаган тақдирда иш берувчи уни ишга жойлаштириш чорасини кўриши шарт.

Аниқланишича, К.Алиев атестациядан ўтказилмаган ҳамда у бажараётган ишига нолойиқ деб топилмаган.

Бундан ташқари К.Алиевнинг меҳнат фаолияти бўйича унга нисбатан бирор бир текширув акти ёки қораловчи маълумотлар мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 101-моддасига кўра, башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмасдан туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Умумий ўрта таълим мактабнинг жамоа шартномасига кўра, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси фақат касаба уюшма розилиги олингандан сўнг бекор қилинишига йўл қуйилади.

Умумий ўрта таълим мактаб касаба уюшмасига 28.09.2020 йилда К.Алиев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик сўраб тақдимнома киритган.

Умумий ўрта таълим мактаб касаба уюшмасининг 29.09.2020 йилдаги 15-сонли қарорига кўра, К.Алиев билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинишига розилик берган.

Аниқланишича, К.Алиевнинг ўз хизмат вазифаларини бажара олмаётганлиги ёки ўқитувчи лавозимида ишлашига нолойиқлиги тўғрисида текшириш далолатномалари, хизмат текширув хулосалари мавжуд эмас.

Иш хужжатларидан аниқланишича, даъвогар К.Алиев ўзининг ҳуқуқларини тиклаш мақсадида 16.10.2020 йилда туман ХТБ ва Президент виртуал қабулхонаси, шу жумладан фуқаролик судига ҳам ишга тиклашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 107-моддасига кўра, меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади.

Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади.

Иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари ушбу Кодекснинг 87, 89, 97, 100, 105, 106-моддалари таърифига ёки меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асосларини назарда тутувчи бошқа норматив ҳужжатлар таърифига тўла мувофиқ ҳолда ёзилиб, Кодекснинг ёхуд бошқа норматив ҳужжатларнинг тегишли моддаси (банди) далил қилиб кўрсатилади.

Шунингдек, иш берувчи умумий ўрта таълим мактабнинг 2020 йил 12 октябрь кунидаги 227-сонли буйруғи Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 107-моддаси талаблари асосида расмийлаштирилмаган.

Ўзбекистон Республикаси МКнинг 111-моддасига кўра, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим.

Судлар юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, даъвогар К.Алиев билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишда иш берувчи томонидан амалдаги меҳнат қонунчилигига риоя этилмаганлиги, у аттестациядан ўтказилганлиги тўғрисида ҳамда бажараётган ишига нолойиқ деб топилмаганлигини, ушбу ҳолатда у билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний бекор қилинганлигидан далолат беришлиги сабабли, унинг буйруқни бекор қилиш ва ишга тиклаш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантириб, жавобгар умумий ўрта таълим мактаб директорининг 12.10.2020 йилдаги К-227-сонли буйруғи бекор қилиб, К.Алиевни 12.10.2020 йилдан бошлаб умумий ўрта таълим мактаби рус тили фани ўқитувчилигига ишга тиклаш ҳақида асосли хулосага келган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 112-моддасига кўра, ишга тикланганда иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади. Зарарни қоплаш: мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш шартлигидан, меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ёки ходим бошқа ишга ўтказилганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлашдан, маънавий зарар учун компенсация тўлашдан иборатдир. Маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатига берилган баҳони ҳисобга олиб, суд томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисид”ги 133-сонли қарорнинг ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш тартиби тўғрисидаги 6-иловаси 5-бандига кўра ўртача ойлик иш ҳақи кейинги икки календар ойидаги ўртача ойлик иш ҳақидан чиқиб белгиланиши кўрсатилган.

Ишда мавжуд, жавобгар умумий ўрта таълим мактаб томонидан тақдим қилинган маълумотномага кўра, К.Алиевнинг ўртача ойлик иш ҳақи 1.842.853 сўмни, бир кунлик ўртача ойлик иш ҳақи эса 61.428,43 сўмни ташкил этади.

Судлар юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвогар К.Алиев ишга тикланганлиги муносабати билан, жавобгар умумий ўрта таълим мактабдан унинг фойдасига 12.10.2020 йилдан 21.01.2021 йилга қадар мажбурий бекор юрган 101 кун учун 6.204.272 сўм иш ҳақини (солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ушлаб қолган ҳолда) ундириш ҳақида асосли хулосага келган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, иш берувчининг ўзи томонидан ҳуқуқи бузилган шахсни ўз ишига тикламаганда, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиб, ишга тикланганда эса иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади.


Нилуфар Тўраева , фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan