ЎЗБЕКИСТОН

Бухородаги аттракцион нега узилиб кетганлигига расмий изоҳ берди

Аввалроқ, Бухоро вилоятида эр-хотин ва уларнинг фарзанди ўтирган аттракцион узилиб кетиб, 6 метр узоқликка учиб кетгани ҳақида хабар берган эдик. 

Ҳодиса Бухоро шаҳридаги “Сомонийлар” номли марказий маданият ва истироҳат боғидаги “Твистер” аттрационида рўй берган. Воқеа юзасидан Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси («Контехназорат») баёнот берди.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг декабрь ойида фавқулодда вазиятлар бўлинмалари ходимлари билан ҳамкорликда фавқулодда вазиятларни олдини олиш мақсадида Бухоро шаҳридаги “Сомонийлар” маданият ва истироҳат боғидаги аттрационлар, шу жумладан, “Халиков Шуҳрат” Якка тартибдаги тадбиркорга қарашли бўлган “Твистер” аттракционининг хавфсизлик ҳолатини ўрганиш бўйича профилактик тадбир ўтказилган. 

Натижада ушбу аттракцион статик ва динамик синовлардан ўтказилмагани, аттракциондан фойдаланиш учун белгиланган тартибда рухсатнома олинмагани, ундан хавфсиз фойдаланиш бўйича жавобгар шахс тайинланмагани аниқланган. 

Ўрганиш ўтказган ишчи гуруҳ томонидан ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилган ҳамда аттрациондан фойдаланиш тақиқланган.

Шунга қарамасдан аттрациондан ўзбошимча фойдаланиш давом этган ва жавобгар шахс томонидан кундалик техник назорат амалга оширилмаган. Оқибатда аттрацион ўриндиқларини тутиб турувчи металл мослама ички томонидан емирилиб, аттрацион корпусидан узилиб кетган ва бир оила (3 киши) тан жароҳати олган. 

“Ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан текширув олиб борилмоқда. «Контехназорат» томонидан “Халиков Шуҳрат” ЯТТга қарашли “Твистер” аттрациони текширувини ўтказиш бизнес вакил билан келишилмоқда”, дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan