
Кейинги пайтларда фуқаролар томонидан никоҳдан ажратиш даъвоси билан судга мурожаат қилиш ҳоллари анча кўпайди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 2-моддасига кўра, Оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.
Никоҳ тузиш ихтиёрийдир.
Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.
Энди амалиётда учраган бир иш ҳақида қисқача тўхталсак.
Даъвогар Джураева Ҳолида Рустамовна (исм,шарифлари ўзгартирилган) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, аризасида турмуш ўртоғи Назаров Шухрат Норқулович билан ўрталаридаги никоҳни бекор қилишни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг
2022 йил 15 декабрь кунидаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантиришдан рад этилган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан даъвогар Ҳ.Джураева томонидан берилган апелляция шикояти асосида мазкур фуқаролик иши вилоят суди фуқаролик судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўрилиб, даъвогарнинг даъво талаби асослилиги сабабли суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинган.
Биринчи босқич суди мазкур фуқаролик ишини кўришда тарафларнинг судда келтирган важларига етарли аҳамият бермасдан, уларнинг 2018 йил сентябрь ойидан буён бирга рўзғор юритмаётганликлари, тарафларнинг ўртасидаги никоҳ расман сақланиб турганлигига ҳуқуқий баҳо бермасдан, даъвогарнинг даъвосини рад этиш ҳақида асоссиз хулосага келган.
Жавобгар Ш.Назаров апелляция инстанцияси судида берган тушунтиришида 2020 йил декабрь ойидан бошлаб М.Азизова билан шаръий никоҳ асосида бирга яшаб келаётганлигини, ўрталарида икки нафар фарзандлари борлигини, ҳозирги вақтда М.Азизова билан бирга эр-хотин сифатида яшаб келаётган бўлсада, даъвогар Ҳ.Джураева билан никоҳдан ажрашишга рози эмаслигини, ҳар иккаласи билан бирга яшаш нияти борлигини маълум қилган.
Жавобгар томонидан тақдим қилинган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалардан кўринишича, Ш.Назаров ва М.Азизоваларнинг биргаликдаги турмушларидан ўрталарида 2 нафар фарзандлари бор.
Судда аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, судлов ҳайъати жавобгар Ш.Назаров ҳозирги вақтда фуқаро М.Азизова билан шаръий никоҳ асосида турмуш қуриб, ўрталарида икки нафар фарзандлари борлигини инобатга олган ҳолда тарафлар ўртасидаги оила тамомила барбод бўлган ва никоҳлари расман сақланиб қолган деб баҳолаб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилиб, берилган шикоятни қаноатлантиришни лозим деб ҳисоблаган.
Таъкидлаш жоизки, суднинг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш мақсадида ишларни тўғри, ўз вақтида кўриб ҳал қилиш билан бир қаторда, қонунийликни мустаҳқкамлашга, ижтимоий адолатни таъминлшга кўмаклашишдан иборат.
Шу сабабли, суд муҳокамалари ошкоралиги ва шаффофлиги жуда муҳим ўринга эга. Зеро, халқ кўрган ҳолатларига ишонади ва унга ўз баҳосини беради.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси