СПОРТ

ТЕРМИЗДА “ХАЛҚАРО УЛОҚ-КЎПКАРИ” ТУРНИРИ ОЛДИДАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 августдаги ПҚ-5213-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Сурхондарё вилояти Термиз туманида жойлашган Қорабайир отлари маҳорат мактабида Миллий гвардия, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Улоқ-кўпкари федерацияси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида 2023 йил 25-27 март кунлари “Халқаро улоқ – кўпкари” турнири ўтказилади.

Бугун турнир олдидан Термиз шаҳридаги Матбуот уйида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Миллий гвардия, вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси, Улоқ-кўпкари федерацияси ҳамда Қозоғистон Улоқ-кўпкари федерацияси  вакиллари ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги чавандозлар мактаблари директорлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда Халқаро “Улоқ-кўпкари” турнирида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон (Ўзбекистон 1 ва Ўзбекистон 2 ҳамда Қорабайир отлари маҳорат мактаби жамоалари) давлатларидан жами 6 та жамоа чавандозлари ўртасида бўлиб ўтиши ташкилотчилар томонидан айтиб ўтилди.

Финал учрашувлари 27 март куни бўлиб ўтади. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан белгиланган пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan