ЎЗБЕКИСТОН

Мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилади

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 30 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни қабул қилиш учун умумхалқ референдуми бўлиб ўтади.

Конституцияга киритилаётган энг муҳим ўзгаришлардан бири мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилиши бўлмоқда.
Унга кўра, Конституциянинг 44-моддасида:
Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.

Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан тўлақонли ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади.

Хўш, бу норманинг Конституцияга киритилишига нима сабаб бўлди.
Эски совет тузумидан қолган ёмон одатлардан бири бу ижтимоий соҳа вакиллари, талабалар ва ҳаттоки мактаб ўқувчиларини мажбурий меҳнатга, хусусан, пахта териш ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш эди.

Натижада нимага эришдик? Ўқувчи ва талабалар тайинли таълим олмади, ўқитувчи ва шифокорлар ўз устида ишлаб, сифатли хизмат кўрсатишнинг ўрнига далага чиқиб, пахта теришди. Бу нафақат ижтимоий-иқтисодий аҳволимизга, балки Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги имиджига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатди.
Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги Конвенцияни (1999) ратификация қилган.

Ушбу конвенцияга мувофиқ “болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари” деганда қуллик, жинсий эксплуатация, болаларни қуролли тўқнашувларда, ноқонуний фаолиятда ёки уларнинг соғлиғига, ахлоқий ва психологик ҳолатига зарар етказадиган хавфли ишларда ишлатиш тушунилади.

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида бундай қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни бартараф этиш ишлари ўзининг ижобий натижасини бериб ушбу саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда эътироф этилди. Халқаро рейтинглардаги ўрнимиз анча яхшиланди, бу эса юртимизга кўплаб инвестициялар жалб қилинишига, иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг ривожланишига хизмат қиляпти.

Болалар ўқишда, шифокор ва ўқитувчилар ишда бўлишлари тўғри сиёсий қарор эди. Мажбурий ва болалар меҳнатининг ман этилиши Конституцияда белгилаб қўйилиши ушбу сиёсий қарор абадий эканлигини кўрсатади.

Хулоса қилиб айтганда, узоқ йиллар республиканинг халқаро имиджига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди.

Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғи, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.
Бу борада, айниқса, болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланиши Асосий қонунимизда тўғридан-тўғри ёзиб қўйилмоқда.

Мажбурий меҳнатга чек қўйилиши ҳар бир ўзбекистонликнинг кундалик ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа ривожланиши натижасида ҳаёт сифати ошади.
Бу қоиданинг Конституцияда алоҳида белгиланиши эса, сиёсий қатъиятдан ортга қайтилмаслигини англатади, ушбу соҳада эришилган ютуқларни қатъий мустаҳкамлайди ҳамда болаларнинг меҳнатнинг оғир шаклларидан ҳимоя қилиш, уларни соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.

Айни пайтда, ушбу конституциявий норма болаларнинг соғлиғи, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган тарзда меҳнат қилишларига тўсқинлик қилмайди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan