ДУНЁ

Хитой АҚШдан Сурияни тинч қўйишини сўради

Хитой АҚШни Суриядан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга ва бу мамлакатни талон-торож қилишни тўхтатишга чақирмоқда. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг бугун, 10 март куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

“АҚШ Сурия инқирози билан боғлиқ ҳарбий ҳаракатларга ноқонуний аралашди, бу эса кўп сонли бегуноҳ фуқароларнинг ўлимига ва жиддий гуманитар фалокатга олиб келди. Биз Қўшма Штатларни бошқа давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини чин дилдан ҳурмат қилишга, Сурияни талон-торож қилишни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз”, деган Мао Нинг.
Шунингдек, у АҚШ ҳукуматини Сурияга қарши “ноқонуний” бир томонлама санкцияларни бекор қилишга ва мамлакатдаги гуманитар вазиятни оғирлаштирувчи ҳаракатларни тўхтатишга чақирган. Хитой ТИВ вакилининг айтишича, Сурия инқирози йилларида мамлакатда ҳарбий можаро оқибатида камида 350 минг киши ҳалок бўлган, 14 миллион киши эса гуманитар ёрдамга муҳтож бўлиб қолган.

Таъкидлаш жоизки, Мао Нинг чақириғи 8 март куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида Қўшма Штатларнинг барча қўшинларини Суриядан олиб чиқиб кетиши ҳақидаги резолюция рад қилингани ортидан янграган. Бундан олдинроқ, жорий йилнинг 4 март куни АҚШ штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Марк Милли Сурияга ташриф буюриб, у ерда Америка ҳарбийларининг мамлакатдаги мавжудлиги ҳам Қўшма Штатлар, ҳам унинг иттифоқчилари хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan