ЎЗБЕКИСТОН

“Ўзавтосаноат”, Uzbekistan Airways, “Ўзтрансгаз”: Ўзбекистонда ислоҳ қилинадиган йирик корхоналар рўйхати тасдиқланди

“Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.

Қарорга кўра, 2023–2025 йилларда ислоҳ қилинадиган ва операцион самарадорлиги ошириладиган давлат иштирокидаги йирик корхоналар (31 та) рўйхати тасдиқланди. Хусусан, рўйхатдан “Ўзавтосаноат” (100 фоиз), Навоий ОКМ (давлат улуши 100 фоиз), “Ўзметкомбинат (81,1 фоиз), “Ўзбекнефтгаз” (99,9 фоиз), “Ўзтрансгаз” (99,5 фоиз), Uzbekistan Airways (100 фоиз), “Ўзбеккўмир” (97,9 фоиз) каби компаниялар ўрин олган.

Мазкур корхоналар устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) UzAssets инвестиция компанияси бошқарувига берилади.

UzAssets инвестиция компаниясига, жумладан, қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга йирик корхоналарни ислоҳ қилиш, шу жумладан, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини жорий этиш ҳамда хусусий секторни жалб қилиш;
  • корхоналарнинг рентабеллиги ва операцион самарадорлигини ошириш, молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда бизнес-жараёнларни оптималлаштириш;
  • бошқарувга берилган корхоналарнинг самарали бошқарилишини ва барқарор ривожланишини таъминлаш;
  • қарорга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги, тегишли вазирлик ва идораларнинг ўзларига тегишли акция пакетлари (улушлари) Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўтказилади.

2023 йил 1 июлгача UzAssets инвестиция компанияси томонидан унга бошқарувга берилган корхоналарнинг бизнес-режалари қайта кўриб чиқилади.

Маълумот учун, UzAssets инвестиция компанияси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 июндаги 381-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган. UzAssets компаниясининг асосий мақсади — давлат улуши мавжуд бўлган корхоналарни сотиш жараёнига тайёргарлик ишларини ташкил этиш ҳамда  халқаро стандартларга асосан йирик давлат корхоналарини сотиш бўйича инвесторлар билан музокаралар олиб бориш. Компаниянинг ягона акциядори — Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳисобланиб, давлат улуши мавжуд бўлган йирик корхоналарни сотиш ва уларни бирлаштириш юзасидан халқаро тажрибани ўрганиш, амалда қўллаш ва тажрибаларни йиғиш бўйича агентликка платформа бўлиб хизмат қилади.  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan