ДУНЁ

Словакия Россияни терроризм ҳомийси, Россия режимини эса террорчи деб тан олди

Словакия Миллий кенгаши (парламенти) Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида, Россия режимини эса террорчи деб тан олди, деб ёзади Actuality нашри.

Словакия парламенти резолюцияни қабул қилиб, унда Россиянинг Украинадаги тажовузини қоралаб, Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, резолюцияда Россиянинг амалдаги режими террорчи, Россия эса терроризмнинг ҳомийси давлат деб аталган.
Бундан ташқари, резолюцияда Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запороже вилоятларида референдумлар ўтказилганлиги ва натижалари тан олинмаслиги билдирилган. “Бу ҳудудлар Украинанинг бир қисми бўлиб қолмоқда”, — дейилади ҳужжатда.
Словакия парламенти, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятларини тергов қилиш учун махсус трибунал ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шу билан бирга, резолюцияда, Словакия парламентарийларининг фикрича, Россия ҳам Словакия ҳудудида олиб борилаётган гибрид уруш қораланади. Ҳужжат мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари, разведка хизматлари ва бошқа ваколатли органларини Словакияда хавфсизлик ва демократияни сақлаш мақсадида таҳдидни паст баҳоламасликка, балки унга қарши самарали чоралар кўришга чақиради.

Европарламент ва қатор Европа давлатлари аллақачон Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олган. Ўз навбатида, Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси Россия Федерациясини террористик режим деб атаган резолюцияни қабул қилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan