ЎЗБЕКИСТОН

Ҳоким ўнга яқин босма нашр ижарада сарсон бўлаётганини айтди

Сурхондарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот-кутубхона марказлари ва давлат бошқарув органлари ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар билан учрашди.

Учрашувда очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги, китобхонлик маданияти, мутолаа ҳаётимизнинг бош мезонига айлангани таъкидланди.

Айни пайтда Сурхондарё вилоятида 37 та газета ва журнал, иккита телевидение, битта радиоэшиттириш, тўртта веб-сайт, тўртта хусусий нашриёт, иккита босмахона, 58 та матбаа корхонаси ҳамда 54 та ахборот хизмати фаолият юритмоқда. Марказий оммавий ахборот воситаларининг 13 нафар мухбири вилоятда бўлаётган воқеа, ҳодиса ва янгиликларни мунтазам ёритиб бораётир.  

– Таҳлилларга кўра, ҳудуддаги 38 та босма нашр таҳририятининг бор-йўғи ўнтаси ўз биносига эга, – деди У.Қосимов. – 28 таси турли ташкилотлар балансидаги  биноларда ижарада туради. Ўнга яқин босма нашр ижарама-ижара сарсон бўлмоқда. Вилоят “Сурхон тонги” ва Қумқўрғон тумани “Қумқўрғон садоси” газеталарининг расмий электрон веб-сайти мавжуд, холос. 14 та туман ҳокимлиги муассислигидаги босма нашрларнинг электрон сайти йўқ. Бугунги электрон асрда оммавий ахборот воситасининг ўз сайти бўлмаса, буни қандай тушуниш мумкин? Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, давлат бошқарув идораларида 54 та матбуот котиби лавозими жорий этилган. Бироқ аҳоли кўп мурожаат этадиган вилоят бандлик ҳамда Марказий банкнинг вилоят бош бошқармалари, “Термиз минтақавий темир йўл узели” унитар корхонаси сингари бошқарув идораларида ҳанузгача ахборот хизмати фаолияти йўлга қўйилмаган.  

Шунингдек, очиқ мулоқотда Президент фармон ва қарорларининг вилоятдаги ижроси, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди. Ахборот-кутубхона марказлари аҳволи таҳлил қилинди. Босма нашрларга обуна бўлишнинг мажбурий эмаслиги қайд этилиб, газета ва журналлар таҳририятларига интернет нашрларини ривожлантириш тавсия этилди.

Учрашув якунида журналистлар, ахборот-кутубхона марказлари, ахборот хизматлари раҳбарлари ва блогерларнинг муаммо ҳамда таклифлари тингланиб, уларни биргаликда ечиш йўллари изланди. Вилоят “Ишонч” нодавлат телевидениеси ижрочи директори, “Севимли” телеканалининг вилоятдаги мухбири Беҳзод Қодиров ва Сурхондарё вилоят телевидениеси муҳаррири Давлат Неъматов воҳадаги янгиланишларни чуқур ёритаётгани учун тақдирланди.  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan