
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги баёнот беришича, интернет тармоғида украиналик журналист ва блогер Дмитрий Гордоннинг исроиллик тадбиркор Леонид Невзлин билан видеоинтервьюси тарқалиб, гўёки унда Эроннинг учувчисиз учоқлари (дрон) Ўзбекистон ҳудудида йиғилаётгани тўғрисида ёлғон маълумотлар келтирилган.
Шуни алоҳида маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Эрон Ислом Республикаси билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик қилмайди ва ўз ҳудудида Эрон ҳарбий техникасини йиғмайди.
Шу билан бирга, ҳозирги вақтгача Украина томонидан ҳам, бошқа хорижий ҳамкорлардан ҳам “Эрон дронларини йиғиш” масаласи бўйича расмий мурожаатлар келиб тушмаган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Украина расмий ҳукуматига Украина оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тўғрисида икки томонлама муносабатларга путур етказиши мумкин бўлган бундай асоссиз айбловлар ва бошқа ишончсиз маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўришни сўраб мурожаат қилади.