ДУНЁ

Люк Бессон ва Арманд Ассанте “Жомий ва Навоий” фильмини яратиш бўйича меморандум имзоланишида иштирок этди

Тошкент кинофестивали доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, “Жомий ва Навоий” фильми лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.

“Ўзбек киноси кунлари” ва “Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ҳамкорликда суратга олинган фильмлар тақдимотида Кинематография агентлиги ва «Тожикфильм» ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди, шунингдек, “Жомий ва Навоий” қўшма фильми лойиҳаси тақдим этилди.

Меморандум имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, «Тожикфильм» давлат муассасаси раиси Маҳмадсаид Шохиён, франциялик режиссёр ва продюсер Люк Бессон, америкалик актёр Арманд Ассанте, шунингдек, Тожикистон тарихи бўйича илмий консультант, профессор Шодимуҳаммад Суфизода ва ўзбекистонлик илмий маслаҳатчи, филология фанлари доктори, Кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев иштирок этди.

– “Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа биз учун ҳам, Кинематография агентлигимиз учун ҳам улкан тарихий воқеадир. Чунки бу лойиҳа Президентимиз ташаббуси билан ишга туширилган ва биз олти ойдан буён унинг устида ишлаяпмиз. Бунинг учун алоҳида ишчи гуруҳи тузилган. Тажрибали киношунослар, тилшунослар, кўплаб малакали ишчилар иштирокида кенг кўламли лойиҳа амалга оширилди. Тожикистонлик ҳамкорларимиз билан кўплаб учрашувлар, баҳс-мунозаралар ўтказдик ва онлайн мулоқот қилдик. Биз жаҳонга машҳур кинорежиссор Люк Бессон билан узоқ суҳбатлашдик. Ундан маслаҳатлар олиб, тажриба алмашдик. Бу биз босқичма-босқич амалга ошираётган лойиҳамиз жараёнидир. Биз нафақат Ўзбекистон ва Тожикистон аҳолисига, балки бутун дунёга юқори сифатли киномаҳсулотни тақдим этиш ниятидамиз”, — деди Абдухолиқов ўзининг табрик сўзида.

Ўз навбатида Маҳмадсаид Шоҳиён меморандумнинг муҳимлиги ва долзарблигини таъкидлаб ўтди:

– “Бугун мустақил Тожикистон ва Янги Ўзбекистон тарихидаги мухим воқеадир. Биз илк бор ҳамкорликда фильм суратга олиш бўйича шартномалар имзолаймиз. Ушбу лойиҳамизда эса бутунжаҳон кино юлдузи Люк Бессон хам иштирок этади. Ҳозирги кунда дунёда дўстлик ва ишонч етишмаяпти. Агар бизда ишонч бўлмаса, бизда ҳеч нарса бўлмайди. Биз буюк мутафаккирлар Жомий ва Навоий мисолида ҳақиқий дўстликни кўрсатмоқчимиз. Улар халқларни маърифатли қилиш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилдилар. Тожик ва ўзбеклар ўртасидаги дўстлик абадий бўлсин.”

Суратга олиш жараёнида иштирок этадиган Люк Бессон картина ғоясининг муҳимлигини таъкидлаб ўтди:

– Мен тарихий мавзуда иккита фильм суратга олганман. Аммо, тан оламан, ўзбек ва тожик ҳалқларининг бу икки йирик намояндаси ҳақида шу лойиҳа сабаб хабар топдим. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийни  нафақат буюк шоир, балки тинчлик ва барқарорлик курашчиси сифатида кашф этдим. Тарихий бадиий фильм ҳақиқат ва бадиий тўқима оралиғида яратилади. Мувозанатни қатъий назорат қилиш лозим. Фильм тарихий ҳақиқатдан узоқлашмаслиги, айни пайтда зерикарли  хроникага айланиб қолмаслиги керак. Мен Жомий ва Навоий ҳақида қизиқарли, сермазмун тарихий фильм олинишига ишонаман. Шу лойиҳа таклиф этилганимидан хурсандман. Ижодий гуруҳга муваффақиятлар тилайман.

Ассанте Бессоннинг фикрларига қўшилди ва лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва унда фақат ижобий томонларини кўришини маълум қилди.

Жорий йилнинг 13-18 сентябрь кунлари “Ипак йўли дурдонаси” ХIV Тошкент халқаро кинофестивали бўлиб ўтмоқда. Унда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этмоқда. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар намойиш этилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan