ДУНЁ

Италиялик ҳарбий асирлар бўлган кеманинг чўктирилиши, Муссолинини озод этиш бўйича «Эман» операцияси ва умрбод қамоққа маҳкум этилган Филиппин собиқ президенти. Кун хронологиясида 12 сентябрь

12 сентябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан бортида ҳарбий асирлар бўлган Британия кемасининг чўктириб юборилиши, Гитлер топшириғига кўра Муссолинини озод этиш бўйича ўтказилган «Эман» операцияси ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган Филиппин собиқ президентига оид фактлар ўрин олган.

Ҳарбий асирлари билан чўктириб юборилган Британиянинг «Лакония» лайнери

Бундан 80 йил олдин 12 сентябрь куни 1,8 мингга яқин италиялик ҳарбий асирларни олиб кетаётган Британиянинг «Лакония» кемаси У-156 немис сувости кемаси томонидан берилган зарба оқибатида чўктириб юборилганди. Бундан хабар топган субмарина командири Вернер Хартенштайн омон қолган италияликларга ва бошқа йўловчиларга ёрдам кўрсатиб, бу ҳақда қўмондонликка хабар берган. Жабрланган ҳарбий асирларни қутқарган кема «Қизил Хоч» байроғи остида ҳаракатланаётган бўлса-да, Америка Ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан ҳужумга учраган.

1942 йилнинг 15 августида Лорян порт шаҳрида патруль учун чиққан У-156 кемаси 12 сентябрь куни Сувайшдан Буюк Британия томон сузиб бораётган «Лакония» ҳарбий кемасини пайқаб қолган. Унинг бортида 2 789 киши бўлган: 136 нафар экипаж аъзоси, 80 га яқин оддий фуқаролар, 268 нафар британиялик ҳарбий хизматчилар, 1,8 мингдан ортиқ италиялик ҳарбий асирлар ва 160 нафар поляк маҳбуслари.

Шу куни соат 11:37 да субмарина кузатувчиси тутун кўраётгани тўғрисида маълумот берган. Капитан юқорига кўтарилган. Кема тезлигини ошириб, ҳодиса жойи томон отланган. Соат 15:00 да кема синфи аниқланган ҳужум бўйича қарор қабул қилинган. 20 сония фарқ билан 1 ва 3-сонли торпедо аппаратларидан ўт очилган. 22:07 да биринчи торпедо кемага бориб тегган, иккинчиси эса бир неча сониядан кейин нишонни ишғол этган. Соат 22:22 да кема бортидан сувости кемаси томонидан ҳужумга учрагани тўғрисидаги очиқ матнли радиосигнал юборилган. Соат 23:25 да кема чўкиб кетган.

«Лакония» аҳволининг ачинарли даражада эканини кўрган субмарина капитани уларга ёрдам кўрсатишга қарор қилган ва махсус операцияни ўтказиш билан бир қаторда, штабдан рухсат сўраган. Ўз кучлари билан уддалай олмаслигини билган капитан 13 сентябрь куни соат 06:00 да 25 метрли тўлқин орқали ёрдам сўраб радиограмма юборган.

Сувости кемалари ёрдамга шошган: Германиянинг У-506 ва У-507 ҳамда Италиянинг «Каппеллини» кемалари. Шу билан бирга, чақириққа Франция ҳукумати ҳам жавоб қайтариб, воқеа жойига «Аннамит» қўриқлов кемаси ва «Глуар» крейсерини юборган.

У-156 сувости кемаси 14 сентябрь куни бортига 400 дан ортиқ одамни ортган. Шундан кейин уларнинг ярми яна қайиқларга кўчирилган. Бу вақтда океанда 22 та қутқарув қайиғи ҳаракатланар ва унга 1,5 мингга яқин одам чиқарилган эди. Сувда бирорта ҳам жабрланувчи қолмаган.

У-156 ёрдамга етиб келган У-506 ва У-507 ни кутиб турган ҳамда унинг бортига «Лакония»дан қутқарилганларнинг бир қисми чиқарилган. У-156 бортида 55 нафар итальян, 55 нафар инглиз, жумладан, 5 нафар аёл қолган. 16 сентябрь куни соат 11:25 да субмарина устидан АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг белгилари туширилган самолёт учиб ўтган. Бу «Б-24 Либерейтор» бомбардимончиси эди. У пайдо бўлган заҳоти кема «Қизил Хоч»нинг катта байроғини кўтарган.

Сувости кемаси сигнал прожектори ёрдамида боғланишга уринган, аммо жавоб ололмаган. Ярим соатдан кейин самолёт яна У-156 га яқинлашган. Бу ҳам ўша «Либерейтор» эди, бироқ немислар бундан бехабар бўлган.

Бу вақтга келиб «Либерейтор» учувчиси лейтенант Жеймс Харден АҚШ армия Ҳарбий-ҳаво кучлари эскадрилияси командири Роберт Ричардсон III дан аниқ буйруқ олади: «Барчаси чўктириб юборилсин!». Харден бир нечта айланишларни амалга ошириб, У-156 га беш ёки олтита бомба ташлайди. Битта бомба қутқарув қайиқлари орасида портлаб, улардан бирини ағдариб юборади. Кейинги иккита бомба У-156 нинг марказий бўлмаси устида портлаган. Шу сабабли Харден душман сувости кемасини чўктириб юбордим, дея ишонч ҳосил қилган.

Аслида У-156 га шикаст етганди, холос. Кемага сув кира бошлаган, аккумулятор батареясида юзага келган носозликлар заҳарли хлор ажратишни бошлаган, шундай экан Хартенштайн офат сигналини бериб, барчани қайиқларга кўчиришни буюрган. Сувости кемаси пастга шўнғиб, имкон қадар таъмирлаш ишларини амалга оширган. Кема капитани Хартенштайн содир бўлган воқеа бўйича штабга хабар юборган.

У-507 ҳам ҳужумга учраган. Иттифоқчиларга ёрдамдан хабар топган Германия сувости кемалари кучлари қўмондони 17 сентябрь куни «Triton Нол» номи билан машҳур буйруқни берган.

«Triton Нол» ёки «Лакония буйруғи» — Германия Ҳарбий-денгиз флоти Сувости кемалари кучлари қўмондони Карл Дениц томонидан барча сувости кемалари капитанларига берилган буйруқ. У билан чўкиб кетган сувости кемаларининг экипажи ва йўловчиларига ёрдам кўрсатиш тақиқланган. Иттифоқчиларнинг «Лакония» экипажидан камида 20 киши ҳалок бўлган, 1,8 мингдан ортиқ итальянларнинг фақат 450 нафари омон қолган.

Муссолинини озод этиш операцияси

«Эман» операцияси — ҳокимиятдан ағдарилган диктатор Бенито Муссолинини озод этиш учун 1943 йилнинг 12 сентябрида бошланган операциянинг махфий номи. Италиялик диктаторни озод этишга Отто Скорсени бошчилигидаги парашютчилар батальони бел боғлаган.

Иккинчи жаҳон урушида Италия қўшинлари Сталинград ва Шимолий Африкада муваффақиятсизликка учрагач, шунингдек, Англия—Америка авиациялари томонидан Рим, Милан, Турин каби шаҳарлар бомбардимон қилинганидан сўнг, Италия ҳарбийлари ва аристократлар доиралари яширин равишда мамлакатни урушдан олиб чиқиш бўйича АҚШ ҳамда Буюк Британия билан музокаралар имкониятини қидира бошлаган.

Фото: Getty Images

Аммо фитначилар бунинг учун Дуче Муссолини бошчилигидаги ҳукмрон Миллий фашистлар партиясидан ҳокимиятни тортиб олиши керак эди. 1941 йилдан буён Италия ҳудудига Кесселринг бошчилигидаги немис қўшинлари жойлаштирилгани вазиятни янада мураккаблаштирарди.

Иттифоқчи давлатларнинг қўшинлари 1943 йилнинг 24 июлида Италияга келиб жойлашиши билан Муссолини Иккинчи жаҳон урушидаги барча хатоликлар учун айбдор деб топилган. Эртаси куни қирол Виктор Эммануил III нинг шахсий буйруғи билан, маршал Бадалё, граф Гранди ва генерал Амброзио иштирокида Муссолини қирол олдидан чиққан заҳоти, ҳибсга олинган.

Гитлер Римдаги воқеалардан 26 июль кечқурун хабар топган ва Муссолинига ҳеч қандай шикаст етказилмаган ҳолда уни топиш ва озод этиш вазифасини қўйган. Генерал-лейтенант Курт Штудент ва унинг қўшинлари билан Скорсени «СС» махсус кучлари қўмондони сифатида душман чизиғи орқасида қўпорувчилик ва разведка операцияларини ўтказиш учун Люфтваффе офицери ниқоби остида 30 июль куни Италияга келади. У бутун мамлакат бўйлаб Муссолинини қидиришга киришади. Диктарор дастлаб Рим карабинерларининг казармаларида сақланган, кейин эса Понса оролига кўчирилган, у ердан Садринидаги Ла Маддаленага жойлаштирилган.

Немисларнинг 1,5 ойлик қидирувларидан сўнг, Италия агентураси орқали собиқ диктатор тоғли ҳудудда жойлашган Кампо Императоре меҳмонхонасида карабинерлар қўриқлови остида сақланаётганини аниқланган. Аммо у ерда фақат яхши қўриқланадиган осма канат йўли орқали бориш мумкин эди: бундан ташқари, меҳмонхонанинг ўзини 100-200 нафар қуролланган карабинер қўриқлаб турган. Скорсени ва унинг жамоаси Кампо Императорега ҳаво орқали бориш йўлини танлашга мажбур бўлади, бироқ ландшафт самолётнинг қўнишига ҳам имкон бермасди.

Муссолини озод этиш гуруҳи таркибига 16 киши кирган, яна 90 нафар ҳарбийни генерал Штудент жўнатган. Немислар билан бирга, Муссолинини қўриқлаётган карабинерларга қуролларни топшириб, таслим бўлиш буйруғини бериш учун италиялик генерал Солети ҳам учиши керак эди. Яна бир немислар батальони эса канат йўлидаги станцияни эгаллаши керак бўлган.

1943 йилнинг 12 сентябрь куни «Эман» операцияси бошланади. Соат 14:00 да генерал Штудент операцияни ўтказишни топширган майор Харалд Морс бошчилигидаги Парашютчилар ўқув батальони канал йўлидаги станцияни эгаллайди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan