ХАБАРЛАР

Мустақиллик байрами ва қўшимча дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари туну кун ишлайди — ССВ

1-4 сентябрь кунларида қуйидаги даволаш-профилактика муассасаларида 40 минг нафар тиббиёт тизими ходими қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатади.

Президентимизнинг тегишли қарорига кўра, Мустақиллик байрами муносабати билан 1-4 сентябрь саналарида кетма-кет дам олиш кунлари белгиланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ана шу дам олиш кунлари халқимиз саломатлигини таъминлашга қаратилган Соғлиқни сақлаш вазирлигида штаб ташкил этилди.

1-4 сентябрь кунларида қуйидаги даволаш-профилактика муассасаларида 40 минг нафар тиббиёт тизими ходими қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатади:

  • 1028 та оилавий поликлиника,
  • 956 та оилавий шифокор пункти,
  • туман, вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар,
  • ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, 
  • тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари.

Шунингдек:

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 182 та аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яртилган.

Мамлакатимиз бўйлаб 2724 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимо шай ҳолатда.  

Бундан ташқари, 227 та туғуруқ, 245 та болалар даволаш муассасаcи ҳам узлуксиз иш олиб боради. 

Республика Call-маркази (1003) орқали тиббиётга тегишли саволларингизга малакали мутахассислардан туну кун жавоб олишингиз мумкин. 

Санитария-эпидемиология хизматининг марказий аппарати ва ҳудудлардаги 14 та бошқарма ҳамда 203 та аҳоли пунктида жойлашган бўлимларида ҳам 24 соат давомида 200 нафардан зиёд навбатчи шифокор, қарийб 200 нафарга яқин врач-лаборант ва ёрдамчи ходимлар ўз фаолиятини давом эттиради. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Мустақиллик байрами ва дам олиш кунларида узлуксиз меҳнат қиладиган барча тиббиёт ходимларига ўз миннатдорлигини билдиради.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan