ЖАМИЯТ

Қумқўрғонда 7 та оила яраштирилди

Оила тинч ва тотув бўлиши, жамият тараққиёти ва фаровонлигининг муҳим омили ҳисобланади. аммо Оила муқаддаслигига бефарқ бўлган айрим юртдошларимиз ҳам борки, натижада оила аталмиш қўрғон арзимаган сабаблар туфайли бузилиб кетмоқда. Бу эса алимент билан боғлиқ муаммоларнинг ортишига сабаб бўлаётганлиги ҳам бор гап.

Қумқўрғон тумани прокуратураси ва Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда оилавий ажримларнинг олдини олиш ҳамда фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент тўловларни ўз вақтида тўлашдан бош тортган оталарга нисбатан тушунтириш тарғибот ишлари олиб борилди.

Бюроннинг туман бўлими иш юритувида бўлган 7 та оиланинг ижро ҳужжатлари муддатидан олдин ҳаракатдан тўхтатилди. Улар тадбирда  иштирок этган кенг жамоатчиликнинг тушунтириш-тарғибот ишлари, қимматли маслаҳатлари асосида ўз хоҳишларига кўра ярашиб олишди.

Бўлим иш юритувидаги алимент ижро ҳужжатига асосан ижтимоий аҳволи оғир ҳамда алимент таъминотисиз қолган оилаларнинг 10 нафар вояга етмаган болалари учун хомийлик ҳисобидан мактаб кийимлари билан таъминланди.

Шундан сўнг, жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан сайёр суд тадбирлари ташкил этилиб, унда вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаб келаётган айрим оталарнинг иши кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди ҳамда ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний жазо чоралари қўлланилди.

Хусусан,  Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўоғон туманлараро судининг буйруғига асосан Икром Раимовдан вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа барча ишлаб топган даромадларининг 4 дан 1 қисми миқдорида алимент тўлаши лозим бўлса-да, алимент қарзини тўлашдан бош тортиб, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандига 12 ойдан ортиқ муддат мобайнида  моддий таъминлашдан бўйин товлаб келганлиги аниқланди. Очиқ суд мажлисида тўпланган ҳужжатлар атрофлича кўриб чиқилиб, қарздор отага нисбатан суд қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.

Тадбир сўнгида ишсиз алимент тўловчилар учун туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ҳудуддаги ташкилот ва корхоналарда мавжуд бўлган жами 348 та бўш иш ўринлари таклиф этилди ва қизиқиш билдирган алимент тўловчиларга йўлланмалар берилди ҳамда айримлари шу жойнинг ўзида ишга қабул қилиндилар.

Оилалар тинч ва тотув, аҳл-иноқ ҳамда хамжихат бўлсагина жамият равнақ топаверади.

Сирожиддин Бўтаёров, МИБ Қумқўрғон туман бўлими бошлиғи

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan