СПОРТ

СУРХОНДАРЁДА СПОРТНИНГ “КАМОНДАН ОТИШ” ТУРИ БЎЙИЧА МУСОБАҚА ЎТКАЗИЛДИ

Президентимизнинг 2021 йилнинг 17 июнь кунидаги “Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида, Сурхондарё вилоятида буюк аждодларимиздан мерос бўлиб қолган мазкур спорт турини кенг тарғиб этиш, ёшларнинг қизиқишини ошириш борасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ва туманларда жами 18 та камондан отиш спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилиб, моддий техник базаси шакллантирилиб, ёшларни мазкур спорт турига жалб этиш, уларнинг мерганлик маҳоратларини ошириш, нуфузли мусобақаларга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кеча Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича Қўриқлаш бошқармаси, «Маҳалла»  хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамда вилоят Спортни ривожлантириш бош бошқармаси ҳамкорлигида спортнинг “Камондан отиш» тури бўйича ўсмир ёшлар ўртасида Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи кубоги мусобақаси ўтказилди.

Ҳаваскор ёшлар ўртасида бўлиб ўтган ушбу мусобақада шаҳар ва туманлар ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 100 нафарга яқин ўғил-қизлар иштирок этдилар.

Мусобақа аввалида, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник А.Умаров сўз олиб, вилоятда камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, ёшларнинг эришаётган ютуқлари ҳақида сўз юритиб, барча тадбир қатнашчиларига омад тилади. Давлат мадҳияси янграгандан сўнг мусобақага старт берилди. Ушбу қизғин ва муросасиз кечган мерганларнинг баҳслари мураббийлар томонидан одилона баҳолаб борилди.

Мазкур турнирда ўғил болалар ўртасида:

?1-ўринни Фариддин Муҳаммадқулов (Термиз шаҳри),
?2-ўринни Муҳаммадали Рашидов (Музработ тумани),
?3-ўринни Асомиддин Ибрагимов (Ангор тумани) эгаллади.

Қизлар беллашувида:

?1-ўринни Юлдуз Муҳаммадиева (Жарқўрғон тумани),
?2-ўринни Ўғилой Бойназарова (Музработ тумани),
?3-ўринни эса Зарина Зиёдуллаева (Жарқўрғон тумани) қўлга киритди.

Барча ғолиб бўлган иштирокчиларга Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармасининг диплом, медаль, мусобақа кубоги ҳамда қимматбаҳо совғалари тақдим этилди. Шунингдек, ушбу тадбирни ўтказишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган мураббийлар ва бир гуруҳ ёшлар ҳам эътироф этилиб, ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan