ЎЗБЕКИСТОН

Медиация ҳақида билишимиз лозим бўлган муҳим қоидалар

Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонуни Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган бўлиб, ушбу Қонуннинг мақсади медиация соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули ҳисобланади.

 Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади.

Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага киргунига қадар, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилиши мумкин.

 Суд муҳокамаси жараёнида, низони ваколатли давлат органида кўриш жараёнида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида тарафлар томонидан эришилган медиатив келишув тегишли иш қайси суд ёки ваколатли давлат органининг иш юритувида турган бўлса, дарҳол ўша судга ёки ваколатли давлат органига юборилади.

Тарафлар, медиатор, шунингдек медиация тартиб-таомилини амалга оширишда ҳозир бўлган бошқа шахслар муҳокаманинг медиация предмети бўлган низо билан боғлиқ бўлган-бўлмаганлигидан қатъи назар, агар тарафлар бошқача қоида ҳақида келишиб олмаган бўлса, муҳокама жараёнида:

тарафлардан бирининг медиацияни қўллаш тўғрисидаги таклифи ҳақидаги, худди шунингдек тарафлардан бири уни амалга оширишда иштирок этишга тайёр эканлиги тўғрисидаги;

низони ҳал этиш эҳтимоли хусусида тарафлардан бири билдирган фикрлар ёки таклифлар ҳақидаги;

медиация тартиб-таомилини амалга ошириш жараёнида тарафлардан бири томонидан билдирилган эътирофлар тўғрисидаги;

тарафлардан бири медиаторнинг ёки иккинчи тарафнинг низони ҳал этиш ҳақидаги таклифини қабул қилишга тайёрлиги тўғрисидаги ахборотни ҳавола қилишга ҳақли эмас.

Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.

Давлат органи ёки бошқа орган томонидан қайси шахснинг манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этилган бўлса, ўша шахс мазкур давлат органининг ёки бошқа органнинг иштирокисиз медиатив келишув тузишга ҳақли.

Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади.

Медиатив келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат этишга ҳақли.

Медиатив келишув бажарилмаслигининг оқибатлари тарафлар томонидан ушбу келишувнинг ўзида белгилаб қўйилиши мумкин.

Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.


С.Б.Қултўраев, Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси              

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan