Шахматчиларимиз Арманистон терма жамоасини мағлубиятга учратиб, биринчи ўринга кўтарилиб олди. Кейинги рақиб Ҳиндистон-2
Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида давом этаётган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида 9-тур ўйинлари ўтказилди.
Ушбу турда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Арманистон устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Дастлаб учинчи тахтада Жавоҳир Синдоров ғалабани бошлаб берди. Партия ўртасида Жавоҳир жуда ақлли ўйнади ва сипоҳ қурбон қилиб, якунда ғалабани илиб кетди.
Шундан сўнг иккинчи тахтада Нодирбек Ёқуббоев совуққонлик билан рақиб босимига туриб берди ва дурангга эришди.
Сўнгра биринчи тахтада Нодирбек Абдусатторов ҳам гарчи ўйин давомида устунлик қилган бўлса-да, дурангга имзо чекди. Якунда тўртинчи тахтада Жаҳонгир Воҳидов фантастик комбинациялари эвазига рақибини тор-мор қилди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси турнирда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга кўтарилиб олди.
Ҳозирча терма жамоамиз ҳисобида 16 очко бор. Иккинчи ва учинчи ўринларда Ҳиндистон-2 ҳамда Арманистон жамоалари 15 очко билан боришмоқда.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ушбу турда Исроил терма жамоасига имкониятни бой берди.
Бугун эса йигитларимиз асосий рақиблари — Ҳиндистон-2 терма жамоаси билан ўйнайди.
Турнирнинг етакчи энг ёш икки жамоаси ўзаро ким кучлилигини аниқлаб олади.
Ҳиндистон-2 турнирда жуда зўр қатнашяпти. Айниқса, 16 ёшли Гукеш 9 та имкониятдан 8,5 очко тўплаб ўзига хос рекорд ўрнатди. 8 та турда кетма-кет ғалаба қозонди, фақат бугун озарбайжонлик Шахриёр Мамедяров у билан дуранг ўйнай олди.
Эртага Нодирбек Абдусатторов ва Гукеш ўртасидаги баҳс шахмат оламининг бугунги кундаги энг кучли икки ёш шахматчиси ўртасидаги дуэлга айланиши аниқ.
Ёш борасида:
Ўзбекистон жамоаси:
Н.Абдусатторов — 17 ёш;
Н.Якуббоев — 20 ёш;
Ж.Синдоров — 16 ёш;
Ж.Воҳидов — 27 ёш;
Ш.Воҳидов — 20 ёш.
Ҳиндистон-2 жамоаси:
Gukesh D — 16 ёш;
Nihal Sarin — 18 ёш;
Pragg R — 17 ёш;
Adhiban B — 29 ёш;
Sadhwani R — 16 ёш.
Ҳиндистон олимпиада мезбони бўлганлиги учун турнирда 3 та Ҳиндистон жамоаси қатнашмоқда. Ҳиндистоннинг 1-рақамли жамоаси билан йигитларимиз 6-турда тўқнаш келган ва 2:2 ҳисобида дуранг ўйнашган.
Қизларимизда нима гап?
Кеча қизларимиз Исроил терма жамоасига 1,5-2,5 ҳисобида мағлуб бўлишди. Афрўза Ҳамдамова ғалаба қозонди, Умида Омонова дуранг ўйнади, Нилуфар Якуббоева ҳамда Мафтуна Бобомуродова мағлуб бўлди. Натижада 49-ўринга тушиб кетишди.
Бугун қизларимиз Парагвай терма жамоасига қарши дона суришади.