ЖАМИЯТ

Ҳайдовчилар «тонировка» масаласида яна нима истамоқда?

«Ёз фаслининг уч ойи учун ҳам алоҳида рухсатнома ва нарх бўлса, янаям қулай бўларди». Ҳайдовчилар «тонировка» масаласида яна нима истамоқда?

Ўзбекистонда автомобилларнинг орқа ён ойналарини қорайтиришга расман ва бепул рухсат берилиши ҳамда олд ён ойналарни қорайтириш нархининг олти бараварга арзонлагани ҳайдовчиларда бошқа истакларга ҳам хоҳиш уйғотмоқда. Амалиётчи журналист Мунисахон Шукруллаева ўзбекистонлик ҳайдовчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрини ўрганди.

Беш йилдан бери автомобиль бошқариб келаётган аёл ҳайдовчилардан бирининг айтишича, «тонировка»нинг айни пайтдаги нархи йиллик бўлиб, ҳайдовчиларга енгиллик яратиш учун ойлик тўловлар ҳамда рухсатномалар бериш керак.

«Масалан менга ёз фаслининг иссиқ кунлари учун уч ойлик рухсатнома ҳам етарли бўларди. Ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб, уч ойлик рухсатнома олса, тўлови ҳам анча енгил бўлармиди? Дейлик ҳозир йиллик тўлов 2 миллион 400 минг сўм бўлса, шунда 3 ойлик рухсатнома учун шу пулнинг тўртдан бир қисми тўланадиган қилишса, янаям яхши бўларди», — дейди ҳайдовчи.

Суҳбатдош Оғабек Самисовнинг маълумот беришича, Ўзбекистонда автомобиллар «тонировка»си тахминан 1999—2000 йилларда тақиқланган бўлиб, 2018 йилга келиб бу жараёнга расман, ҳақ тўлаш эвазига рухсатнома берилган.

«Мен машина ҳайдамасам-да ‘тонировкаъга бепул рухсат берилиши ва олд ойналар тусини ўзгартириш нархи кескин пасайтирилгани шахсан менга жуда ёқди. Адашмасам бизда автомобиллар ‘тонировкаъси 1999—2000 йилларда тақиқланган бўлиб, 2018 йилга келгач маълум бир ҳақ эвазига рухсат бериладиган бўлди. Айни кунга келиб эса бу умуман бепул бўлди. Энди машина харид қилиб, бемалол ‘тонировка’ қилдирсам бўлар экан», — дейди суҳбатдош.

Яна бир суҳбатдош Усмон Азимовнинг айтишича, тонировканинг бепул бўлиши у учун айни муддао бўлган.

«Орқа ён ойналар ‘тонировкаъсига бепул рухсат берилгани мен учун айни муддао бўлди. Боиси, кўпинча уйдагиларимни бирор жойга олиб бормоқчи бўлсам, иссиқда азият чекишарди. Эндиликда бу муаммо бўлмайди. Олд ён ойналарни қорайтириш масаласига келсак, бу ҳозирча менга унчалик ҳам зарур эмас. Муҳими уйдагиларим учун қулай шароит яратилса, етарли», — дейди 10 йилдан бери автомобиль бошқариб келаётган Усмон Азимов.

«Тонировка»га расман рухсат берилиши ички бозорда мазкур талабга бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлиши тайин, албатта. Хўш, нархига-чи, таъсир қилмаганми? Айни пайтда автомобиллар ойнасини қорайтириш нархлари қандай?

Амалиётчи журналист Мунисахон Шукруллаеванинг аниқлик киритишича, Тошкент шаҳрида автомобилларнинг орқа ён ойналарини қорайтиришнинг хизмат нархи 800 минг сўмдан 1 миллион 200 минг сўмгача бўлган нархни ташкил қилмоқда.

«Олд ён ойналарни қорайтириш нархлари эса қорайтирувчи материал сифатига қараб 400 минг сўмдан 500 минг сўмгача бўлган нархда белгиланмоқда», — дейди шу иш билан шуғулланувчи усталардан бири.

Автомобильлар ойнасини қорайтириш билан шуғулланувчиларнинг айтишича, «тонировка»га расман рухсат берилиши уларда нархнинг ўзгаришига сабаб бўлмайди.

«Бизда аввалдан шундай нарх бўлган ва шу нарх сақланиб қолмоқда», — дейди уста.

Журналист Мусулмонбек Иброҳимовнинг айтишича, «тонировка»га расман рухсат берилиши бу хизматга бўлган талабнинг ортишига сабаб бўлади.

«‘Тонировка’ бўлган талабнинг ортиши бу иш билан шуғулланувчиларнинг ва айнан шу ишни ўз бизнесига айлантирувчиларнинг ортишига сабаб бўлади. Ва натижада соҳада рақобат шаклланиб, нархларнинг тушишига эришилади. Аввалроқ аҳолининг маълум бир қатлами, тўғрироғи, пулдорларнинг бу имкониятдан фойдаланиши бу хизмат нархининг ҳам баланд бўлишига сабаб бўлган. Тасаввур қилинг, ‘тонировка’ рухсатномаси учун 13 миллион сўмни иккиланмай тўлаган пулдор, бунинг нархи 1 миллион 300 минг бўлса, ўйлаб ўтирадими? Албатта йўқ. У ҳатто нарх борасида ҳам тортишмаган. Айтилган пулга ойналарини қорайтириб, йўлида давом этган», — дейди журналист.

Амалиётчи журналист Мунисахон Шукруллаеванинг вилоятда фаолият юритувчи ҳайдовчиларга таяниб ёзишича, ҳудудларда, хусусан Қашқадарёда автомобиллар ойнасини қорайтириш пойтахтга нисбатан анча арзон.

«Орқа ён ойналарни қорайтириш пойтахтда 1 миллион 200 минг сўмгача баҳоланаётган бўлса, Қашқадарёда бу кўрсаткич тахминан 500—600 минг сўмни ташкил қилмоқда», — дейди воҳалик ҳайдовчилардан бири.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan