ЖАМИЯТ

Алишер Узоқов Голландияда ўғирлик қурбони бўлди

Голландия (Нидерландия)нинг Роттердам шаҳрида ўзбекистонлик актёр Алишер Узоқовнинг паспорти ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди. Воқеа футбол бўйича Нидерландия ва Уелс терма жамоалари ўртасидаги учрашув вақтида содир бўлган.
“Биз жамоамиз билан Голландия ва Уелс ўртасидаги ўйинда қатнашишга мувваффақ бўлдик. Биз у ерда чексиз адреналин, келгусидаги фаолиятимиз учун кучимизга куч қўшилганини сездик. Бироқ бизнинг таассуротларимиз унчалик ёқимли бўлмаган, ҳатто, даҳшатли ҳолат туфайли тарқаб кетди. Биз қувноқ кайфиятда ўйиннинг энг ёрқин дақиқалари ва режадаги кечги овқатни муҳокама қилиб парковкага қайтаётган эдик. Шу пайт машинамизнинг синган ойнасига кўзимиз тушди. Бу шок ҳолати эди. Ҳайратдан қотиб қолдик. Илк дақиқаларда ҳеч ким бирор гап айтишга журъат қилолмади. Ва бир неча дақиқадан сўнггина биз асабий тарзда салондаги нарсаларни кўздан кечира бошладик”, дейди Узоқов.
Алишернинг сўзларига кўра, воқеа натижасида нафақат машинасининг ойнаси синган, балки унинг шахсий буюмлари ва фуқаролик паспорти ҳам ўғирлаб кетилган.
“Мен энг қимматли нарсам – шахсий буюмларим солинган сумкамдан айрилдим. Паспортим ҳам унинг ичида эди. Қанчалик хафа бўлганимни сўз билан тасвирлаш қийин”, дейди у.
Аҳамиятлиси шундаки, Узоқов Голландия полициясига бу воқеа юзасидан мурожаат қилган, аммо улар бу ҳолатга беписандлик билан қараб, ўғирлик содир этилгани бўйича ҳеч қандай чора кўрмаган.
“Энг қизиғи, Голландия полицияси ҳеч қандай амалий чора кўрмади. Улар учун бу жиноят, жиноят ҳисобланмас экан. Тасаввур қиляпсизми? Уларга мурожаат қилганимизда, ҳозир бизнинг ишимизни ўрганиш учун ҳеч кимнинг вақти йўқлигини айтишди. Шунчаки даҳшат”, дея ёзади ўз саҳифасида.
QALAMPIR.UZ мухбири бўлиб ўтган воқеага аниқлик киритиш мақсадида ҳозирда Голландия бўлиб турган Алишер Узоқов билан боғланиб, унинг ўғирлатган сумкаси ва фуқаролик паспорти ҳақида қўшимча маълумотлар сўради
Паспортларимни , сумкамни топиш имконияти 1000/1 эди . Лекин эрта тонгда наушникларимни қидириб қолдим ва улар ҳам ўғирланган сумкамни ичида эканлиги эсимга тушди . Ва биз шунчаки бошқа давлатдаги навбатдаги локациямизга йўлга чиқдик. Аммо йўлда телефон орқали АирПодсъни изласа бўлиши мумкинлиги эсимга тушди. Кейин биз наушникларим кўрсатаётган локация бўйлаб йўлга чиқдик. Кеча тунда шундай бўлиши керак экан деб, Аллоҳга таваккал қилган эдим. Бу ҳақда ўйламасликка қарор қилдим ва эрталаб шу воқеа содир бўлди. Паспортларим топилди”, дея такидлади Алишер Узоқов.
У ижтимоий тармоққа жойлаган видеога кўра, сумкасини ўғирлаган кимсалар уни дарахтзорлар орасига улоқтириб кетган. Ўғрилар сумкадаги буюмлар – АирПодс ва фуқаролик паспортига тегинмаган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan