Uncategorized

50 баробар самарасиз ишлаётган компаниямиз

Ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ҳақида юртдошларимиз томонидан кўплаб маълумотлар тарқатилмоқда, фикрлар билдирилмоқда. Улардан бири сурхондарёлик Миркомил Холбоевнинг фикри эътиборимизни тортди. Ҳозирда Жанубий Корея давлатида бўлиб турган Миркомилнинг фикрларини ўзгартиришларсиз тўлиқлигича сизларга ҳаво қиламиз.

…..Ишлаб чиқариш самарадорлиги яшаш даражасини белгиловчи асосий омил. Аммо нима учундир самарадорлик кўплаб мамлакатлар учун асосий масала сифатида қаралмайди. Буни мамлакатимиздаги кўплаб соҳалар мисолида кўриш мумкин.

Uzbekistan airways йилига тахминан 2,7 млн кишига (2017 йил) хизмат кўрсатади. Ҳаво йўллари тасарруфида тахминан 25 та самалёт мавжуд.  Компаниядаги ишчилар сони 14.500 нафар (2015 йил).

Туркиянинг Turkish airways йилига тахминан 75 млн кишига (2018 йил) хизмат кўрсатади. Тасарруфида  343 та самалёт бор (2019 йил). Компанияда ҳозирги кунда 8.000 киши меҳнат фаолиятини олиб боради.

Капитал нуқтаи назаридан таққослаганда Turkish airwaysда ҳар бир самолётга 23,3 тадан ишчи тўғри келмоқда. Шунда бизнинг компанияда Turkish airwaysдаги бирлик капиталга тўғри келадиган ишчи нуқтаи назаридан  583 (25ни 23,3га кўпайтирамиз) нафар ишчи ишлаши керак экан, бу эса Uzbekistan airwaysда 13.916 нафар ишчи “ортиқча” эканлигини англатади (назарий жиҳатдан).

Хизмат кўрсатиш нуқтаи назаридан: Turkish airwaysдаги ҳар бир ишчи йилига 9.375 нафар йўловчига хизмат кўрсатмоқда, биз (Uzbekistan airways)да эса бу кўрсатгич 186,2га тенг. Яъни, ҳаво йўлларимиздаги ҳар бир ишчи Turkish airwaysдаги  ҳар бир ишчидан кўра, 50,3 мартага самарасизроқ ишлар экан. Ёки, Turkish airwaysдаги ишчилар “Ўзбекистан ҳаво йўллари”даги ишчилардан кўра 50 баробар самарадор.

Тўғри, масштаб самараси ва яна бир нечта омиллар ҳисобга олинса, ҳаво йўлларимизда ишлаётган ишчиларнинг самарадорлиги бироз кўтарилиши мумкин, лекин юқоридаги 50 марталик фарқ кескин қисқариб қолмайди.

Яратилаётган ёки мавжуд компанияларнинг аксарияти: “мақсадимиз: ишчи ўрни яратиш” каби гаплари нақадар мантиқсиз ва кулгули. Чунки, катта миқдордаги ишчи ўрнига турли йўллар орқали эришиш мумкин. Агар яратилаётган ишчи ўринлари ишлаб чиқариш самарадорлигининг пасайишига сабаб бўлса, унда бу жараён  жамиятнинг яшаш даражаси пасайишига олиб келади.