Uncategorized

Эндиликда суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш мумкин

Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4818-сонли қарорига асосан, суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобиль қурилмалар ва бошқа электрон воситалар орқали иштирок этиш имконияти яратилди, шунингдек иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имконияти яратилди.

Олий суд ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги мавжуд маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилмоқда. 

Бундан ташқари, 2021 йил 1 октябрдан эътиборан барча иштирокчилар суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул хабардор қилинмоқда. 2022 йил 1 январдан эса суд қарорлари иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилиши йўлга қўйилмоқда.

2022 йилнинг 1 июлига қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатиш, 2023 йил 1 январдан бошлаб эса суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш йўлга қўйилади. 

Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштирилиши фуқаролар, тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш баробарида, одил судловга эришиш таъминлашга ҳамда судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш хизмат қилади.

Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan