Фарзандларимизни “Ҳадя”лар орқали коррупцияга ўргатяпмиз…ми?

Ҳар кунгидек эрталаб ишга кетаётганимда, ўғлим “Ая, бугун байрам-ку. Боғча опамга совға бермайсизми?” деб қолди. Тўғриси, бугунги байрам ростдан ҳам хаёлимдан кўтарилибди. Шу топда ўғлимнинг боғча опасига совға олиб, йўлга отландик. Совға билан ўғлимни боғчада қолдириб, ишга келдим.

Келсам, яқинда сафимизга қўшилиб, иш бошлаган ҳамкасбларимнинг бири нолиб қолди:

–Боғча опасига совға бериб юбормаганим учун қизимга яхши қарамаяпти. Уйга келиб, “Гуруҳимиздаги ҳамма болалар совға олиб келди. Биттагина мен совға беролмадим, ойи. Тўполон қилмасдан ўйнасам ҳам боғча опам ҳар куни мени урушади. Бошқа болаларга индамайди. Биттагина совға олиб берсангиз, менга ҳам яхши гапирарди” деб йиғлагани йиғлаган. Шу зорманда ойлигимни вақтида олганимда эди мен ҳам бошқа ота-оналардек, совға бериб юборардим. Турмуш ўртоғим ҳам ишсизликдан қийналиб, қўшнимиз билан икки ой олдин Россияга иш излаб кетди. Менинг ойлигим эса рўзғордан ортмайди.

– Совға бермасангиз ҳам фарзандингизга яхши қараш уларнинг вазифаси-ку! Менинг ўғлим бир ойдан буён боғчага боряпти. Боғча опасини мақтагани мақтаган. Озгина танбеҳ берсам, “боғча опамга бораман, у мени урушмайди. Мен билан ўйнайди” дейди. Қизингиз ўзи қачондан буён боғчага боради? – деб сўрадим ажабланиб.

– Икки йилдан буён боради. Келаси йил мактабга чиқади. Ҳар байрамда совға олиб берардим. Янги йилда, туғилган кунида ва бошқа байрамларда ҳеч қачон совғасиз қолдирмаганман. Фақат шу сафар, харажатларим бироз ошиб кетгани учун совға ололмадим.

Нима эмиш, совға-салом билан ҳар байрамда боғча опаларни йўқлаб туриш бизнинг вазифамиз экан. Агар шундай қилмасак, болаларимизга яхши қарамас экан. Аслида, боғча пулини вақтида тўласак, фарзандларимиз учун икки сидра кийим бош, алоҳида сочиқ, совун билан бирга идиш-товоғигача берсак, нима учун боғча опаларнинг яхши қараши ёки қарамаслиги ота-оналар берадиган “Ҳадя” билан ўлчанади? Ёки боғчада ишлаётган опалар учун ойлик маоши берилмайдими?!

Ўйлаб қолдим: ўзим сингари бошқа оналар ҳам фарзанди орқали бериб юбораётган совғалар “пора” эмасмикан?! Бериб юбораётган, совғаларим “пора” учун хизмат қилса, фарзандларимиз ҳам болаликдан совға берилса ҳамма иши “силлиққина”, “бекаму кўст” амалга ошишига ўрганиб қолса-я. Ҳамкасбим айтганидек, боғча ёшидагилар ҳозирдан “совға берсам менга боғча опам яхши қарайди” деган тушунча билан улғайса келажакда улар иши битиши учун яна бировга “совға” бермайди деб ким кафолат беради. Ўғлим ширин сўз ёки доно фикрлари билан эмас, аксинча бераётган “совға”си билан боғча опасидан меҳр кўраётгандир, деб ўйланиб ҳам қолдим.

Юртбошимиз коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини жорий этишимиз керак, дея куюнчаклик билан бонг ураётган бир пайтда бундай иллат илдизи ичимизда эканини чуқур ўйлаб кўрадиган вақт келди назаримда. Фарзандимиз учун бугун боғча опасига, кейинчалик мактаб, институтдаги ўқитувчисига совға берсак, бунга ўрганиб қолган ўғил-қизларимиз астойдил таҳсил олишни, ўқишни ҳам йиғиштириб қўймайдими.

Биз ота-оналарнинг “берди-берди”миз натижасида фарзандимиз онгида салоҳиятли кадр бўлиш эмас, аксинча, ўқимасам ҳам “совға-саломлар ёки манфаат эвазига” ишимни битираман, деган фикр шаклланиб қолмаслигига ҳеч биримиз кафолат беролмаймиз.

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилгани бу йўналишдаги ишларни изчил ва тизимли амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Демак, фарзандларимизни “совға-салом”лар эвазига ишни битириш эмас, ҳалоллик билан бировнинг ҳақига хиёнат қилмасликка, келажакдаги орзуларига ҳам ўз кучи, билими билан эришиш руҳида тарбиялайлик. Бунинг учун эса совға кўринишидаги “пора”ларни беришдан тийилиб, фарзандларимизга намуна бўлайлик.

Нигина ШОЕВА,

Журналист

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan