ЖАМИЯТ

Бу йилда 2 минг 300 километр цемент-бетон қопламали ички йўллар ётқизилади

Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида йўллар сифатини яхшилаш бўйича бир қатор вазифалар берди.

«Ҳар бир вилоятда йирик цемент корхоналари ва хусусий корхоналар билан биргаликда йўл қуриш ва эксплуатация кластерларини ташкил этиш орқали ички йўлларнинг эгасини топиш бўйича топшириқ берган эдим. Бу борада Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё ва Навоийдаги ишлар аҳволи қолган ҳудудларга қараганда ҳали суст», — деди президент.

Бу ҳудудлар ҳокимларига масаланинг ичига кириб, жиддий шуғулланиши шартлиги кўрсатиб ўтилган. 2022 йилда 2 минг 300 километр, шу жумладан, Андижонда 270 километр, Фарғонада 200, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида 190, Навоий, Наманган ва Самарқандда 180, Бухоро, Жиззах ва Сурхондарёда 170, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 160, Сирдарёда 150 километр цемент-бетон қопламали ички йўлларни барпо этиш вазифаси қўйилган.

Бунинг учун 2022 йилда цемент ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 миллион тоннага кўпаяди. Яъни, жорий йил якуни билан маҳаллий цемент ишлаб чиқариш ҳажми 18 миллион тоннага етади. Бу билан ички эҳтиёжлар тўлиқ қопланиши таъкидланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan