ЎЗБЕКИСТОН

Фирдавс Абдухолиқовга манфаатлар тўқнашуви юзасидан қўзғатилган маъмурий иш бўйича суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида 21-феврал куни Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар қилди.

Суд қарорига кўра, Абдухолиқов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 4-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Ушбу қарор устидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартиб ва муддатда апелляция шикояти ёки протест бериш мумкинлиги маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов атрофидаги манфаатлар тўқнашуви юзасидан ўрганиш олиб бориб, “Севимли” телеканали билан манфаатлар тўқнашуви борлиги тасдиқланганди.

25-январ куни унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 4-қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш қўзғатилиб, мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилганди.

Ушбу иш мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг иш юритувига 26-январ куни келиб тушган ва ишни суд мажлисида кўриш учун 27-январга тайинланган. 27-январда бўлиб ўтган суд мажлисида Фирдавс Абдухолиқов иштирок этиб, кўрсатма берди.

Суд ишни кўриш бўйича 31-январга қадар танаффус эълон қилди. Шу куни Фирдавс Абдухолиқов судга ариза билан мурожаат қилиб, ишни кўришни бошқа кунга қолдиришни сўради. Шундан сўнг суднинг кейинги очиқ мажлиси 4-феврал куни соат 10:00 да ўтказилиши белгиланди.

Кейинроқ унинг адвокати Абдухолиқовнинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли ишни кўриб чиқишни бошқа кунга қолдиришни сўради. Суд унинг талабини қаноатлантирган.

Маълумот учун, юқоридаги модда билан айбдор деб топилган мансабдор шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача (2022-йил 4-феврал ҳолатига кўра: 5,4 миллион сўмдан 8,1 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan