Uncategorized

Эрдўғаннинг қарорига АҚШ Туркиядан аниқлик киритишни сўради

Аввалроқ, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳуқуқ фаоли ва жамоат арбоби Усмон Кавалани қамоқдан озод қилишга чақирган 10 давлат элчиларини, шу жумладан АҚШ элчисини мамлакатдан чиқариб юбормоқчи экани ҳақида хабар бергандик. 

Вашингтон Анқарадан Эрдўғаннинг 10 та давлат элчилари, жумладан Америка дипломатик миссияси раҳбарини персона нон-грата деб эълон қилиш ҳақидаги сўзларига аниқлик киритишини кутмоқда. Бу ҳақда ТАСС мухбири билан суҳбатда Давлат департаменти вакили маълум қилган. 

“Биз бу хабарлар ҳақида биламиз ва Туркия Ташқи ишлар вазирлигидан аниқлик кутамиз”, деган вакил. 

Маълумот ўрнида, АҚШ, Канада, Германия, Франция, Финляндия, Дания, Голландия, Норвегия, Швеция ва Янги Зеландия элчихоналари тўрт йил олдин 18 октябрда ҳибсга олинган Усмон Каваланинг озод қилинишини талаб қилиб, мурожаатнома тарқатган. Улар Туркия ҳукуматини Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди талабини бажаришга ва Кавалани қўйиб юборишга чақирган. 

Мурожаат эълон қилинганидан кейин элчилар Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, мамлакат ички ишларига аралашишга уринишда айбланган. 

Қўшимча маълумот учун, Усмон Кавала 2017 йил ноябрь ойида Истанбулдаги Гези боғи атрофидаги оммавий намойишлар ва 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этганликда айбланиб ҳибсга олинган. Каваланинг айбловлари бир неча бор кўриб чиқилган, бироқ у ҳалигача қамоқда қолмоқда. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа (ИҲЕС) суди 2019 йилда Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларида Кавалани ҳибсда ушлаб туриш учун ҳеч қандай далил йўқлиги тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ Туркия ҳукумати ИҲЕС’нинг қарорига амал қилмади.

Рушана Султонова.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan