Uncategorized

Сил бактериясини юқтирган барча киши касалланадими?

CCВ Матбуот хизматининг сил касаллиги бўйича саволларига Қашқадарё вилоят Фтизиатрия ва пульмонология марказининг торакал хирургия бўлими мудири Азамат Шарипов жавоб берди.

— Сил билан оғриётган бемор билан мулоқот қилинганда доим ҳам касаллик юқадими?

— Бактерия соғлом одамга ўтгач, ўпка ва бошқа аъзоларга тушган сил таёқчалари соғлом тўқималардан алоҳида ажралиб чиқиб, улар атрофида зич қобиқ (капсула) пайдо бўлади. Касаллик ташувчилар унинг асл манбаи бўлмайди, яъни дардни юқтириш ҳали бемор бўлиш, дегани эмас.

Маълумотларга кўра, сил бактерияларини юқтирган 90-95 фоиз инсонлар ҳаёти давомида бирор марта ҳам сил билан касалланмайди. 5-10 фоизида эса сил бактериялари одам танасида ўз вақтини кутиб ётади. Фақат иммунитет пасайгандагина улар ишга киришади ва организмни касаллайди.

Айрим ҳолларда, агар организмнинг ҳимоя кучи кучли бўлса ёки бемор билан узоқ вақт мулоқот қилинмаса, ўпкага тушган бактериялар организм ҳужайралари томонидан зарарсизлантирилади ва касаллик юқмайди.

— Ушбу хасталикка қандай ташхис қўйилади?

— Балғамнинг микроскопик текширувини ўтказиш силга ташхис қўйишнинг энг ишончли ва мураккаб бўлмаган усули саналади. Бунинг учун тиббиёт ходими назоратида эрталабки балғам йиғилади. Йўталдан ажралган модданинг икки кун давомида йиғилган муайян миқдори текширилади.

Шунингдек, силни флюорография ва рентгенографиядаги тасвир орқали ҳам аниқлаш мумкин. Бироқ бу усуллар ҳар доим ҳам касалликни аниқлашга ёрдам бермайди. Шу билан бирга, туберкулин синамаси, яъни “манту” реакцияси орқали ҳам хасталикка ташхис қўйиш мумкин. Мазкур усул зарарсиз, аммо унинг аниқлик даражаси ҳам у қадар юқори эмас.

— Сил касаллигига чалинган бемор қандай даволанади?

— Касаликка чалинган беморлар асосан силга қарши диспансерлар орқали даволанади. Агар бемор касаллик ҳаддан ортиқ зўрайиб кетганидан кейин шифокорга мурожаат қилган бўлса, даво муолажалари махсус шифохоналарда олиб борилади.

Шифохоналарда, албатта, рентгенологик, клиник, биокимёвий, бактериологик лабораториялар мавжуд. Вилоят ва Республика тасарруфидаги шифохоналарда эса иммунологик, морфологик, радиологик текшириш бўлимлари ташкил этилган. Қолаверса, шифо масканларида сил беморларига берилаётган озиқ-овқатлар сифати ва режасига алоҳида эътибор берилади.

Сил беморларини даволашнинг иккинчи босқичи, оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ҳамда силга қарши санаторийларда ўтказилади.

Шуни алоҳида айтиш лозимки, силга чалинган бемор шифокорларнинг доимий назоратида бўлиши, айниқса, тиббиёт ходимлари беморнинг дори қабул қилиш жараёнларини доимий равишда кузатиб туриши керак. Бу эса даволанишнинг муваффақиятли боришини таъминловчи энг асосий шартдир.

Касалликни даволаш учун камида 6-8 ой муддат керак. Фақат шундагина барча сил бактерияларини бутунлай йўқотиш мумкин. Сил назоратсиз, нотўғри даволанганда, у сурункали шаклга, баъзи ҳолларда тузалмайдиган касалликка айланади. Шу боис, бемор даволаниш жараёнларига жиддий эътибор қаратиши, шифокорларнинг кўрсатмаларига қатъий амал қилиши зарур.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan