Ўзбек бокси тарихидаги илк аёл жаҳон чемпионига икки хонали уйнинг бошланғич тўлови тўлаб берилди
Яқинда Польшанинг Кельце шаҳрида ўтган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида мамлакатимиз ёш чарм қўлқоп усталари ҳам муносиб иштирок этишган эди. Терма жамоамиз аъзолари Польшадан 3 та олтин, битта кумуш ва 6та бронза медали билан ортга қайтишди.
Жумладан, мамлакатимиз бокси тарихида илк жаҳон чемпиони бўлган боксчи қиз Нигинахон Ўктамова яқинда Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан енгил автомобиль (Nexia 3) билан тақдирланган эди.
Кеча боксчимиз ўзи туғилиб ўсган Самарқанд вилояти Иштихон туманида ҳам тантанали равишда кутиб олинди. Нигина Ўктамовани тақдирлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Иштихон тумани ҳокимлиги, Туризм ва спорт бўлими, Маданият бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, чемпионнинг яқинлари ва ёшлар иштирок этди. Шундан кейин туман марказидаги “Устозлар боғи”да чемпион қиз шарафига тантанали қутлов тадбири ташкил этилди.
Тадбирда қатнашган Иштихон тумани ҳокими Ш.Негматов Нигинани эришган юксак ғалабаси билан қутлаб, унга туман ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совға, икки хонали уйнинг бошланғич тўлови тўлаб берилганлиги ҳақидаги сертификатни топширди.