Uncategorized

КОНТРАГЕНТЛАРИНГИЗ КИМЛАР ?

Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаёган асосий мавзулардан бири, “обналчилар” муаммосидир. Яъни фаолияти “шубҳали” деб топилган корхоналар билан ҳамкорлик қилган аксарият тадбиркорлик субъектларида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) асоссиз тарзда ҳисобга олинганлиги маълум бўлмоқда.

Вилоят давлат солиқ бошқармасида тузилган махсус ишчи гуруҳ томонидан “шубҳали” корхоналар рўйхатига кирган 574 та субъектлар билан ўзаро ҳамкорлик қилган вилоятимиздаги 200 дан ортиқ корхоналарда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, бевосита уларнинг иш жойларига ташриф буюрган ҳолда ўқув дарслари ҳамда семинар-тренинглар ўтказилмоқда.

Навбатдаги ана шундай семинар-тренинг вилоят Давлат солиқ бошқармасида бўлиб ўтди. Унга “шубҳали” корхоналар билан иқтисодий муносабатга киришган корхоналар раҳбарлари ва ҳисобчилари таклиф этилди.

Энг аввало янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан амалиётга жорий этилган бир қатор янгиликлар, хусусан солиқ тўловчиларга уларнинг контрагентларини танлашда юклатилган мажбуриятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Жумладан, Солиқ кодексининг 14-моддасига мувофиқ, агар битимнинг ёки иқтисодий муносабатларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши уларнинг ҳақиқатдаги иқтисодий мазмунига мувофиқ бўлмаса, солиқ органлари солиқ солиш мақсадида битимнинг юридик тавсифланишини, солиқ тўловчининг мақомини ва (ёки) унинг иқтисодий фаолияти хусусиятини ўзгартиришга ҳақлилиги;

Солиқ кодексининг 15-моддасига биноан солиқ муносабатларида солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлигини, контрагентнинг ишбилармонлик обрўсини, ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини, битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб, лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши шартлилиги;

Солиқ кодексининг 266-моддаси билан қўшилган қиймат солиғи тўловчилар товарларни (хизматларни) сотиб олишда тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи товарларни (хизматларни) олиш бўйича қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим натижасида вужудга келганлигига оид далиллар мавжуд бўлса, солиқ органлари ҳисобга олишни бекор қилишни ёки унга тузатишни амалга оширишга ҳақлилиги белгилаб қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик субъектлари контрагентларни танлаш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш жараёнида лозим даражада эҳтиёкорлик чораларини кўриш, солиқ саводхонликларини оширишлари лозим. Зеро, қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди.

 

Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan