Сурхондарёда 2024 йилда фуқаролар фойдасига жами 30 млрд. сўмга яқин компенсация тўловлари ундирилди
Шеробод тумани марказида қурилиш ишлари олиб борилиб, 17 нафар тадбиркор фуқароларнинг нотурар бино иншоотлари туман ҳокимиятининг келишув битимига асосан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилиб, компенсация тўлаб берилиши ваъда қилинган.

Бироқ, келишув битимига асосан фуқаролар фойдасига компенсация пули ўз вақтида тўлаб берилмаганлиги сабабли ушбу масала фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судида кўриб чиқилиб, туман ҳокимлиги ҳисобидан жами 1 миллиард 108 миллион 820 минг сўм компенсация ундирилиши белгиланган эди.
Компенсация ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси Шеробод туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилди.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида 17 нафар тадбиркор фойдасига тўлаб берилмаган жами 1,1 миллиард сўм компенсация тўловлари ундирилиши таъминланди.
Денов туманида яшайдиган И.Мўминовнинг ҳам ер участкаси туман ҳокимлигининг келишув битимига асосан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган. Афсуски, ер участкасидан ажралган бу инсон ҳам компенсация маблағини ўз вақтида ундириб ололмаган. Бу иш бўйича суднинг ижро ҳужжати билан келишув битими тузган туман ҳокимияти ҳисобидан 486 миллион 194 минг сўм ундириш белгиланган. Мажбурий ижро бюроси Денов туман бўлими олиб борган ижро ҳаракатлари чоғида фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, компенсация тўловлари тўлиқ ундириб берилди.
Шунингдек, ижрочилар “Авто олам класс” масъулияти чекланган жамияти фойдасига Денов туман ҳокимлиги ҳисобидан суднинг тегишли қарори асосида бузилган нотурар кўчмас мулк учун 701 миллион 375 минг сўм компенсация маблағини ҳам олиб берди.
Бундан ташқари, Бюронинг вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтган 2024 йил давомида 197 та ижро ҳужжатлари бўйича фуқаролар ҳамда юридик шахслар фойдасига ҳокимликлардан жами 29 миллиард 879 миллион сўм компенсация тўловлари ундириб олинган.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси