ДУНЁ

Мюнхендаги Исроил консуллиги олдида отишма содир бўлди

Мюнхен марказида 5 сентябрь, пайшанба куни эрталаб отишма содир бўлди, деб хабар берди Бавария пойтахти полицияси. Қайд этилишича, полиция воқеа жойига – шаҳар марказидаги Миллий социализм тарихини ҳужжатлаштириш марказига зобитларни юборган.

Исроил бош консуллиги ушбу марказ яқинида жойлашган. 

«Каролиненплатс ҳудудида полиция шубҳали шахсга қарата ўт очди, у яраланди», деб ёзади Мюнхен полицияси Х ижтимоий тармоғида. Воқеа содир бўлган жой ўраб олинган.

Айни пайтда, ҳафталик Дер Спиегел газетасининг ёзишича, полиция операциясида вертолёт ҳам иштирок этмоқда. 

Полиция Х ижтимоий тармоғида ҳозирда ҳодиса билан боғлиқ бошқа шубҳали шахслар борлиги ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини билдирди. У потенциал гувоҳлардан воқеа жойида олинган фотосуратлар ва видеоларни махсус порталга юклаш ёки терговга ёрдам бериш учун энг яқин полиция бўлимига беришни сўради. Шу билан бирга, полиция фуқароларни воқеа жойидан олинган сурат ва видеоларни ижтимоий тармоқларда тарқатмасликка чақирди.

Айни пайтда, Bild  таблоиди гумонланувчининг ўқотар қурол билан қуролланганини ёзди. Эркак машинасида Ҳужжатлаштириш марказига бориб, бино олдида жойлашган полиция постига қарата ўт очган, деб ёзади нашр. Полиция ходими жавобан ўқ узган. Полиция ҳозирча бу маълумотни тасдиқламади. 

Süddeutsche Zeitung газетаси журналисти Ронен Штайнке Х ижтимоий тармоғида видеони жойлаштирди, унда Мюнхендаги Исроил бош консуллиги олдида бир қатор ўқ овозлари эшитилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan