
Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, тарихда биринчи марта олтин қуймасининг нархи 1 миллион доллардан ошди. Бу 16 август, жума куни қимматбаҳо металнинг спот нархи тарихда биринчи марта троя унцияси учун 2500 доллардан ошганидан кейин содир бўлди. Олтин қуймаларининг оғирлиги одатда 400 троя унциясини (12,5 кг) ташкил этади, яъни ҳозир ҳар бирининг қиймати 1 миллион доллардан ошади.
Шу билан бирга, агентликнинг таъкидлашича, барларнинг оғирлиги одатда 400 унция бўлсада, улар, Лондон Bullion Market Association қоидаларига кўра, 350 дан 430 унциягача соф олтинни (10,9 кг дан 13,4 кг гача) ўз ичига олиши мумкин. Хусусий инвесторлар учун кичикроқ вазнли барлар ҳам сотилади – 1 граммдан.
19 август, душанба куни олтин биржа нархи унция учун 2550 долларга яқинлашди. Чикаго товар биржасида (CME) декабрь ойидаги олтин фючерслари энг юқори чўққисида унция учун 2549,9 долларгача кўтарилди. Бироқ, кейинчалик котировкалар ўсишнинг бир қисмини йўқотди – Москва вақти билан 20:50 ҳолатига кўра, декабрдаги олтин фючерслари унция учун 2541,3 доллардан сотилди.