ХАБАРЛАР

Илон Маск қўрқдими? Миллиардер жанг ўрнига дебат ўтказишни ўйламоқда

Дунёнинг энг бой одами Илон Маск миллиардер Марк Цукерберг билан қафасда жанг қилиш ўрнига “маданиятли” дебат ўтказиш ҳақида ўйламоқда. Бу ҳақда у ўзининг Х (собиқ Twitter)даги саҳифасида маълум қилган. 

Дастлаб, TED нотижорат ташкилоти асосчиси Крис Андерсон ўз саҳифасида қафас жанги ўрнига дебат ўтказишни таклиф қилиб, пост қолдирган ва ушбу баҳс тарихда энг томошабопи бўлишини ёзган. Бунга жавобан Маск: 

“Бу ҳам яхши фикрга ўхшайди. Баҳслашиш ҳақиқатан ҳам олижаноб спорт тури (шунга ишонаман). Биз, шунингдек, камтарлик билан илгари эзгу мақсадлар учун курашганларга ҳайратимизни билдиришга умид қиламиз”, деб ёзган. 

Афтидан, Маскнинг Цукерберг билан жанг қилиш иштиёқи сўнган. У аввалроқ бўйни ва орқа миясини магнит-резонанс томографияси ёрдамида текширтиришини маълум қилганди. 

Эҳтимол, Маскнинг жангдан аввал бундай баёнотлар беришига унинг рақиби Цукерберг сўнгги пайтларда жисмоний тайёргарликка кўпроқ урғу бераётгани сабаб бўлгандир. Боиси Meta эгаси яқинда жиу-житсу бўйича кўк белбоғни қўлга киритди. Шунингдек, у UFC чемпионлари  —Янги Зеландия вакили Исраэль Адесанья (ўрта вазн) ва Александр Волкановски (ярименгил вазн) билан машғулот ўтказиб, жараёндан суратларни ижтимоий тармоққа жойлаганди. Маскнинг жангга тайёргарлиги эса кўнгилдагидек кетаётгани йўқ. Яқинда у UFC’нинг енгил вазн тоифасидаги собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмуҳаммедовга мураббийлик қилиш таклифини берди ва рад жавобини олди. 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan