
Бугунги кунда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларда ҳарбий хизматчиларнинг юқори маънавий фазилатларини шакллантириш, халқимизнинг бой маданий, тарихий ва умуминсоний анъана ва қадриятларга ҳурмат, истиқлол ғояларига садоқат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий бурчни муносиб адо этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, қўшинларда шахсий таркибнинг маънавий-ахлоқий тарбияси, сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, буюк аждодларимизнинг бой тарихий-маданий меросини чуқур ўрганиш ҳамда бўлинмаларда юқори ҳарбий интизомни сақлашга қаратилган ишларда янги усул ва услубларни йўлга қўйиш мақсадида ҳарбий қисм ва муассасаларда “Ватан руҳи” номли радиотармоқ фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Какайди гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда мазкур номдаги радиоблог фаолияти йўлга қўйилди.
Радиотармоғнинг намунавий иш графигига асосан ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат бурчини бажараётган ҳарбий хизматчиларга аудио китоблар, миллий ва ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар, ҳуқуқий саводхонлик дастурлари бўйича маълумотларни кунлик етказиб бериш йўлга қўйилди.
Мазкур радиоблог фаолиятини узлуксиз олиб бориш мақсадида ҳар ой сафарбарлик чақируви резервидаги аскарлардан бир нафар радио бошловчи саралаб олиниб, унга кунлик дастурий эшиттиришлар белгилаб берилмоқда.