Абитуриент

Магистратура имтиҳонлари махсус жойларда онлайн ўтказилади – вазирлик

Магистратурага ҳужжат топширган абитуриентлар қайси ОТМни танлаганидан қатъи назар ҳар бир вилоятда ташкил қилинган махсус жойда компьютер орқали онлайн тарзда тест топшириғини бажаради.

Бугун, 12 август куни Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессиясида Олий таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов магистратурага қай тартибда имтиҳон олиниши ҳақида маълумот берди.

«Магистратурага ҳужжат топширган талабгорлар ҳар бир вилоятда ташкил қилинадиган махсус ҳудудларда онлайн имтиҳон топшириши мумкин бўлади.

Бунда абитуриентнинг Тошкент шаҳрига келиши шарт бўлмайди», деди вазирлик расмийси магистратура имтиҳонлари ҳақида.

Kun.uz мухбири Мазкур маълумот бўйича қўшимча изоҳ олиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати ходими Баҳриддин Шайвалиев билан боғланди. Унинг қайд этишича, магистратурага ҳужжат топширган абитуриентлар қайси ОТМни танлаганидан қатъи назар ҳар бир вилоятда ташкил қилинган махсус жойда компьютер орқали онлайн тарзда тест топшириғини бажаради.

Махсус ташкил қилинган жойларда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинади.

«Бунда йўналишлар бўйича таянч ОТМ тестни ишлаб чиқади ва тестларнинг махфийлиги таъминланади. Ўша йўналиш бўйича ҳужжат топширган талабгорлар қайси олий таълим муассасасини танлаганидан қатъи назар бир хил тестни ишлайди. Масалан, педагогика йўналиши бўйича турли ОТМ талабалари учун тестлар бир хил бўлади.

Кўпчилик одамлар магистратура имтиҳонлари онлайн бўлиши ҳақидаги маълумотни нотўғри тушуниб, ҳамма ўзи хоҳлаган жойда тест синовларини бажариши мумкин, деб ўйлади. Лекин бундай қилинса, шаффофликни таъминлашнинг имкони бўлмайди. Шунинг учун имтиҳон учун махсус жой ташкил қилинади», деди Баҳриддин Шайвалиев.

Манба:Kun.uz

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan