ЖАМИЯТ

1 ноябрдан қандай ўзгаришлар бўлади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 698-сонли қарорига асосан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини ҳисобга олиш ускунаси (ҳисоблагич)ни ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

           Мазкур Регламентга асосан 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб, жисмоний ва юридик шахсларга ҳисоблагичларни ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича хизматлар  кўрсатиш давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари  портали (my.gov.uz) орқали амалга оширилади.

Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан  мазкур қарор мазмун-моҳияти юзасидан ташкил этилган семинарда бошқарма, шаҳар ва туманлар давлат хизматлари марказлари, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари,  Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси,  ҳудудий газ таъминоти корхоналари, ҳудудий сув таъминоти корхоналари,  ҳудудий иссиқлик таъминоти корхоналари ҳамда Сурхондарё синов ва сертификатлаштириш маркази раҳбар ва мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда мутахассислар томонидан  жисмоний ва юридик шахсларга  ҳисобга олиш ускуналарини ечиш,  қиёсловдан  ўтказиш ҳамда ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартиби, бу борада масъул ташкилотларнинг зиммасидаги вазифалар хусусида батафсил тушунчалар берилди.

—Ўқув семинардан олган билим ва кўникмаларимизни биз ҳам жойларга чиқиб, аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишимиз лозим, —дейди Сурхондарё синов ва сертификатлаштириш маркази ходими Ш.Аҳмедов. —Мазкур Регламентнинг эътиборли жиҳати шундаки, жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб, ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги жисмоний шахслар учун 8 йил, юридик шахслар учун  4 йил этиб белгилангани. Бу  эса аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, корхона ва ташкилотлар учун  яна бир қулайликдир.

Шунингдек, семинарда таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишиб, амалга киритилаётган янги тартиб бўйича жисмоний ва юридик шахсларга тезкор ва сифатли давлат хизматлари кўрсатиш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.