ДУНЁ

Трамп «The New York Times»ни судга берди

АҚШ президенти Доналд Трамп «The New York Times» нашрини унга нисбатан узоқ йиллар давомида ёлғон ва туҳмат тарқатганликда айблаган.

Tramp

АҚШ президенти Доналд Трамп «The New York Times»ни унга ва оиласига нисбатан йиллар давомида туҳмат тарқатишда айблаб, 15 миллиард долларлик даъво киритди. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар берди.

Трамп даъво Флоридада кўриб чиқилишини маълум қилди ва нашрни Демократлар партиясининг «овозчиси»га айланишда айблади. У, хусусан, «The New York Times»нинг 2024 йилги президентлик сайловларида Камала Харрисни қўллаб-қувватлаганини мисол сифатида келтирди.

Трампнинг айтишича, даъво суммаси нашрнинг жорий бозор капитали — тахминан 9,65 миллиард доллардан ҳам юқори. У ўз баёнотида газета унинг оиласи, бизнеси ва бутун Америка Биринчи ҳаракати ҳақида узоқ йиллар давомида туҳмат ва ёлғон хабарлар тарқатиб келганини таъкидлади. «The New York Times» эса бунга ҳозирча расмий изоҳ бермади.

Трамп президентликка қайтгандан буён бир қатор оммавий ахборот воситаларини судга берган. Масалан, у юлда  Paramount Global билан судлашиб, келишувга еришган. Даъво CBS телеканали 2024 йил октябрда вице-президент Камала Харрис билан бўлган «60 дақиқа» интервьюсини икки хил кўринишда эфирга узатиб, сайлов жараёнига аралашгани ҳақида эди.

Декабрда эса Трамп Walt Disney Co.га қарашли ABC телеканалига қарши даъво қўзғатган ва улар билан ҳам келишувга эришган. Келишувга кўра, телеканал Трампнинг келгуси президентлик фонди ёки музейига 15 миллион доллар ажратиши керак. Бу иш телеканал бошловчиларидан бири Трамп ҳақидаги аввалги суд қарорини нотўғри талқин қилиб, уни туҳмат қилгани ҳақидаги даъволарга асосланган.

Трамп сўнгги баёнотида бу ҳолатларни мисол қилиб, «бу узоқ йиллик ният ва суиистеъмол намунаси бўлиб, бундай ҳолат мутлақо қабул қилинмайди ва ноқонунийдир», деди. Шунингдек, «The New York Times»га узоқ йиллар давомида ёлғон ва туҳмат тарқатишга йўл қўйилди, энди бу ТЎХТАЙДИ!» — дея ёзди Трамп.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan