
Бир кимса битта жиноий қилмишга жуда кўп бора қўл уриши мумкинми? Ҳа, ҳаётда сўқир кўзи очилмайдиган, қилмишларидан тегишли хулоса чиқариб олишни хаёлига келтирмайдиган кимсалар ҳам учраб туради.
Масалан, Ангор туманида яшовчи, 50 ёшни қоралаган Ботир Дурмонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ни шундай кимсалар тоифасига қўшиш мумкин.
Нега деганда, у муқаддам икки маротаба фирибгарлик жиноятини содир этгани учун қонуний жазога тортилган эди. Энг асосийси, ҳар гал унга нисбатан жазо тайинланаётганда, қилмишидан тегишли хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олишга имконият берилган. Аммо сўқир кўзлари очилмаган бу кимса ҳар гал жазодан озод бўлгач, «эски ҳунари»ни такрорлайверган.
Буни қарангки, Ботирнинг учинчи марта содир этган фирибгарлик жинояти фош бўлди. Аниқроқ айтганда, у 2022 йил 10 март куни Ангор туманида яшовчи таниши Гавхар Эсонованинг ишончига кириб, унга аукцион савдоси орқали 11 гектар ер майдонини олиб беришини ваъда қилиб, унинг ишончига кириб, қўлга киритган 92.100.000 сўм пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Шундан сўнг жабрланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга қилган мурожаати юзасидан Б.Дурмоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Суд муҳокамаси давомида жабрланувчига етказилган 92.100.000 сўм миқдоридаги моддий зарар тўлиқ қопланган.
Аммо жиноят ишлари бўйича Ангор тумани суди томонидан Б.Дурмоновга яна бир бор қилмишига яраша жазо тайинланди.
Хулоса ўрнида айтганда, ўзгалар мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш қонунларимизда жиноят ҳисобланади. Жиноятга эса жазо ҳамиша муқаррар.
Текин даромад, ўзгалар мол-мулкига кўз олайтириш, фирибгарлик қилиш ҳеч қачон яхшилик билан тугаган эмас. Шундай экан, жиноятга жазо муқаррар эканлигини доимо ёдда сақлаш зарур.
АББОС Холмуминов,
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси