ЎЗБЕКИСТОН

Тошкент–Шанхай ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди

Ўзбекистоннинг «Qanot Sharq» авиакомпанияси Тошкент–Шанхай йўналиши бўйича тўғридан-тўғри парвозни муваффақиятли амалга оширди.

«Дунё» ААнинг хабар беришича, мазкур йўналиш орқали Ўзбекистон ва Хитойнинг икки йирик, стратегик аҳамиятга эга шаҳарлари – Тошкент ва Шанхай мунтазам авиақатнов билан боғланди. Авиақатновлар ҳафтасига икки марта – душанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади.

Тошкент ва Шанхай ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳаво қатновининг йўлга қўйилиши Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, икки томонлама инвестицияларни рағбатлантириш, туризм ва маданий алмашинув салоҳиятини ошириш учун янги истиқболли имкониятларни яратади. Шу билан бирга, мазкур йўналиш логистика жараёнларини соддалаштириб, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри товар айирбошлашни жадаллаштириш, юқори қийматли ва тез етказилиши зарур бўлган юклар айланмасини фаоллаштириш имконини беради.

Янги рейс орқали Ўзбекистон фуқаролари учун Хитойнинг иқтисодий маркази – Шанхайга тез ва қулай саёҳат қилиш имконияти пайдо бўлди. Шунингдек, хитойлик сайёҳлар учун Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мерос обидаларга сафар қилиш учун қулай дарвоза очилади. Бу эса ўзаро туристик оқимни сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, тўғридан-тўғри ҳаво қатнови икки давлат ўртасидаги маданий ва таълимий алоқаларни фаоллаштириш, халқаро фестиваллар, кўргазмалар, талабалар ва мутахассислар алмашинуви дастурларини амалга ошириш учун қўшимча пойдевор яратади.

Бу муҳим ташаббус Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзиньпин ўртасида олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижроси бўлди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan