TA'LIM

Ўзбекистон Хитой билан таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларини кучайтиради

Самарқандда II таълим, фан ва технологиялар соҳасидаги инновацион ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз ва Хитойдаги олий таълим муассасалари ректорлари, вазирлар ва ҳудудлар раҳбарлари иштирок этди.

— Сўнгги йилларда биз олий таълим сифатини ошириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви, академик мобиллик ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз,–деди Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов форум очилиш маросимида.– Бугунги форум айнан Ўзбекистон ва Хитой минтақалари ўртасидаги илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, таълим тизимида илғор технологиялар ва инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳамда ёшларни замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган.  

Хитой Халқ Республикаси 30 йилдан буён Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори сифатида, таълим ва илмий ҳамкорлик соҳасида ҳам салмоқли қўшма дастурларни амалга оширмоқда.

Форумда сўзга чиққан Хитой Халқ Республикаси Шэнси провинцияси губернатори Чао Ганг Хитой ва Ўзбекистон қадимдан Буюк Ипак йўли орқали дўстона муносабатлар ўрнатиб келаётгани, кейинги йилларда икки давлат таълим, илм-фан соҳасида ҳам ҳамкорлик битимлари ўрнатаётганини таъкидлади.  

Бу галги форумда икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ўндан ортиқ ҳамкорлик битимлари имзоланди.  

Масалан, Самарқанд давлат университети билан Сиан архитектура-технология университети ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик ва алмашинув тўғрисида меморандум имзоланди.  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan