ЎЗБЕКИСТОН

Сариосиё аэропорти 20 йилдан сўнг фаолиятини тиклади

Шу йилнинг 30 май куни Сариосиё аэропортига Тошкентдан бортида 48 нафар йўловчи билан учган самолёт маҳаллий вақт билан соат 15:41 да қўнди.

Қайд этилишича, “Silk Avia” авиакомпанияси томонидан “Тошкент – ​​Сариосиё – Тошкент“ йўналиши бўйича АТР-72-600 самолётларида мунтазам қатновлар ҳафтасига икки марта – чоршанба ва жума кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Вилоят аэропортида аэродромнинг сунъий юзаларида, яъни учиш-қўниш йўлаги, бурилиш йўлакчаси ва самолётлар учун туриш жойларида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу реконструкция ишларидан сўнг аэропорт 29 апрель куни биринчи техник парвозни қабул қилди.

Бир ой ичида 1100 квадрат метр майдон ва соатига 100 нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги терминал қуриш бўйича барча ишлар якунланди. Бугун Сариосиё аэропорти мунтазам рейсларни амалга ошира бошлаб, илк йўловчиларини қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, Сариосиё аэропорти 2005 йилда фуқаро авиацияси учун ёпилган бўлса, орадан 20 йил ўтиб яна йўловчиларни қабул қила бошлади. Ҳаво бандаргоҳи сўнгги йилларда ўз фаолиятини тиклаган бешинчи минтақавий аэропортга айланди. Аввалроқ Мўйноқ, Қўқон, Шаҳрисабз ва Зомин аэропортлари реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган эди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan