
Гап шундаки Музработ туманида яшовчи Собиржон Ботиров маҳалладоши Ноила Ғаффорова(исм фамилиялар ўзгартирилган) билан оилавий муносабатларга киришиб, кўпчилик ҳавас қиладиган икки нафар ўғил фарзандли бўлишган бўлса-да, уларнинг бир бирига ишончи йўқлиги сабаб ажрашишга қарор қилишган.
С.Ботиров бошқа бир аёл билан турмуш қуриб, чет элга ишлаш мақсадида чиқиб кетади.
Шундан сўнг, фуқаролик ишлари бўйича суд органларида Н.Ғаффорованинг алимент ундиришни белгилаш ҳақидаги аризаси кўриб чиқилиб, қаноатлантирилади ҳамда ижро ҳужжати Бюронинг туман бўлимига юборилади.
Ўрганишлар давомида қарздор ота бир йил аввал чет элга чиқиб кетганлиги аниқланади.
Мажбурий ижро бюроси Музработ туман бўлими давлат ижрочилари билан телефон орқали суҳбатда бўлган С.Ботиров фарзандларининг моддий таъминотидан доим хабардор бўлиб туришини ва алимент пулини олдиндан тўлаб беришга ваъда беради.
Шундан сўнг, С.Ботировнинг чет элда бирга яшаб келаётган турмуш ўртоғи Бюронинг Музработ туман бўлимига ташриф буюриб давлат ижрочиси томонидан ҳисоблаб берилган 274 миллион сўм алимент пулини нақд тўлаб берди ва белгиланган тартиб асосида ундирувчи Н.Ғаффорованинг банк пластик картасига йўналтирилди.
Алимент тўловчи ота С.Ботиров бундан кейин ҳам фарзандларининг моддий таъминотидан доим хабар олиб туришини ва уларга бор меҳрини беришини билдирди.
Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси