ЖАМИЯТ

2027 йилгача Денов — Тошкент масофаси икки ярим соатга қисқаради

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани ўзининг гўзал табиати, бой тарихий мероси ва сайёҳлик масканлари билан туризм соҳасини ривожлантиришда катта салоҳиятга эга. Хусусан, туманнинг тоғ ва тоғолди ҳудудлари, сўлим гўшалари, жумладан, “Сангардак” қишлоғи ҳамда “Тўпаланг” сув омбори муҳофаза зонасида экотуризмни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжуд.

Шу боис, туманда ресурслардан самарали фойдаланиш, саноат, транспорт, ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай ислоҳотларни халқимизга етказиш мақсадида Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Пресс-тур доирасида иштирокчилар “Боғча” аҳоли пунктидан Қашқадарё вилоятининг Шахрисабз туманидаги Камар қишлоғигача бўлган, умумий фойдаланишдаги 2-тоифали 78 км узунликдаги автомобиль йўли қурилиши билан танишишди.

Ушбу йўл қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги ПҚ-465-сонли қарори асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳа учун 223,3 млрд сўм маблағ ажратилган бўлиб, 2027 йилгача қурилишни тўлиқ якунлаш режалаштирилган. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда йўлнинг 5 км қисмида ер ишлари, 4 км қисмида асос қурилиши, 2 км қисмида эса ҳимоя деворлари барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Пресс-тур доирасида журналистлар “Сангардак” санаториясидаги шароитлар билан ҳам танишишди, шунингдек, сўлим табиати билан машҳур Сангардак шаршарасида бўлишди.

Маълумот учун: мазкур йўл фойдаланишга топширилгандан сўнг, масофа 212 км га қисқаради. Шу билан Денов — Тошкент орасидаги масофа ҳозирги 750 км ўрнига 538 км ни ташкил этади. Мос равишда, Тошкентгача бўлган йўл вақти ҳам икки ярим соатга қисқаради.

Мастура Хамраева

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan