ЖАМИЯТ

Хусусий сектор ривожи – иқтисодий барқарорлик гарови!

Вилоятимиз иқтисодий салоҳиятини оширишда Денов туманининг алоҳида ўрни бор. Чунки мазкур ҳудудда воҳамиздаги хусусий сектор вакилларининг катта қисми, 5000 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритади.

Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Ядгаров тумандаги кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувда туман аҳолисининг тадбиркорлик салоҳиятини алоҳида эътироф этди.

  • Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Денов туманида 14 183 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиб, жами ўзини ўзи банд қилганлар 56 570 нафарга етди, – дейди Шерзод Ядгаров. – Аҳамиятлиси, 2025 йилнинг январь-апрель ойларида 38 нафар ўзини ўзи банд қилганлар фаолиятини йириклаштириб, тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтди.

Учрашув давомида хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш ва фаолиятларини кенгайтиришга кўмаклашиш мақсадида берилаётган солиқ имтиёзлари тўғрисида тўхталиб ўтилди.

Маълумот учун 2024 йилда Денов туманидаги 2688 та корхона 98 млрд 790 млн сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган бўлса, жорий йилнинг 1 чорагида 1789 та хўжалик юритувчи субъект 25 млрд 384 млн сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланди.

Бевосита мулоқотда тадбиркорларнинг солиқ ҳисоботларини топшириш, ҚҚСни қайтариш, нотурар объектларга солиқ ҳисоблаш каби мурожаатлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.

Шунингдек тадбиркорларга солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўғри бажариш, ишчи-ходимлар сонини яширмаслик, онлайн назорат-касса техникаларидан фойдаланиш ҳамда барқарорлик рейтингидаги даражасини ошириш юзасидан тушунтириш ва тавсиялар берилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan