Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди биносида “Медиация хонаси” ва “Она ва бола хонаси” ҳам ташкил этилди

Сурхондарё вилояти судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонунига асосан фуқаровий-ҳуқуқий, шу жумладан, оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга нисбатан медиация келишувини қўллаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

2019 йилнинг 1 январидан кучга кирган “Медиация тўғрисида”ги қонун ҳақида фикр юритишдан аввал “медиация” сўзининг луғавий маъносига тўхталиш жоиз. Воситачилик маъносини англатувчи бу атама лотинча “mediare” сўзидан олинган бўлиб, жаҳоннинг кўплаб давлатларида юз берган катта-кичик низоларни тинч йўл билан ҳал этишнинг энг мақбул усули сифатида тан олиб келинмоқда.

Мамлакатимиз судларида, жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди биносида “Медиация хонаси” ва суд мажлисига келган томонлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун “Она ва бола хонаси” ҳам ташкил этилди.
Оилани асраш ва мустаҳкамлаш, бола ҳуқуқларини таъминлаш, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.
Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масаладир.
Жорий йилнинг 1-чораги мобайнида фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан 45 та никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича тарафлар яраштирилган. Натижада эса 90 нафар вояга етмаган фарзанднинг ўз ота-онаси бағрида улғайиб, меҳрга зор бўлмаслигига, тирик етим бўлиб қолмаслигига, шунингдек, эр-хотин ўртасидаги бошқа турдаги оилавий низоларни ҳамда улар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган турли ноҳуш оқибатларнинг олди олинишига эришилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан оилаларни яраштиришда медиатор, оила ва хотин-қизлар бўлими масъул ходими, психолог, туман имом хатиби ва бошқалар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган 1-чораги давомида болалар низоси ва бошқа тоифа билан боғлиқ кўрилган ишларда судга келувчи шахсларнинг 100 нафардан ортиғининг болалари суд мажлиси тугашига қадар “Она ва бола хонаси”да хавфсиз шароитда бўлиб турган.
Бундан кўринадики, ушбу қонун жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келадиган фуқаролик, меҳнатга оид ва иқтисодий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ҳамда тарафларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди.
БАХОДИР ДЖУМАЕВ, Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси