ХАБАРЛАР

“Жануб қалқонлари” ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақаси ўтказилди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилояти Кенгаши ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларидаги «Қалқон» жамоатчилик гуруҳи аъзолари ўртасида “Жануб қалқонлари” ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақаси ташкил этилди. Ушбу тадбир ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, жисмоний ва руҳий тайёргарлик даражасини ошириш, жамоавий ҳаракат қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

Мусобақада 6 та олий таълим муассасасидан жамоалар иштирок этиб, 5 та шарт бўйича беллашдилар. Улар ҳарбий интизом, жисмоний чидамлилик, чаққонлик, ҳамжиҳатлик ва лидерлик қобилиятларини синовдан ўтказди. Ҳар бир жамоа ғалаба учун бор кучини сарфлади ва мусобақа қизғин ҳамда муросасиз курашларга бой бўлди.

Натижаларга кўра, қуйидаги жамоалар ғолиб деб топилди ва пул мукофотлари билан тақдирландилар:

• 1-ўрин –Термиз давлат университети

• 2-ўрин – Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети

• 3-ўрин – Денов тадбиркорлик ва педагогика институти

Мусобақа якунида ғолиб жамоалар тантанали равишда тақдирланиб, иштирокчиларга диплом ва пул мукофотлари топширилди. Ташкилотчилар бу каби мусобақалар ёшларнинг жисмоний ва маънавий тарбиясида муҳим аҳамият касб этишини, улар келгусида ҳам давом этишини таъкидладилар.

Тадбир иштирокчилари ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, бу мусобақа уларга нафақат спорт маҳоратини ошириш, балки жамоавийлик ва ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлашда ҳам катта сабоқ бўлганини қайд этдилар.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan